Дани Карвахаль футболнинг энг юқори даражасида деярли ҳамма совринларни қўлга киритган, лекин ҳатто шундай ҳолатда ҳам, жорий ёз унинг учун ўзгача келди.
32 ёшли ҳимоячи «Реал»нинг ЕЧЛ финалига чиқишида муҳим рол ўйнади, сўнгра «Уэмбли»да Дортмунднинг «Боруссия»си билан якуний ўйиннинг 74-дақиқасида гол муаллифи бўлди, бу эса «Реал»га рекорд - 15-«шалпангқулоқ»ни қўлга киритишга ёрдам берди. Шу воқеъликдан бир ой ўтмай, Карвахаль энди Берлиндаги «Олимпиаштадион»да яна бир финалда Испания термаси билан Англияни мағлуб этиб, Европа чемпиони бўлди. The Athletic нашри Карвахалдан эксклюзив интервью олди.
- Еврони ютган жамоани ва хусусан Ламин Ямални қандай баҳолайсиз?
- Гуруҳимиз ажойиб эди. Унда энг оғир пайтларда қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган яхши муҳит мавжуд. Ямал ёшида (июлда 17 ёшга тўлди) у аллақачон «Барселона» каби клуб ва миллий терма жамоада юқори даражада ўйнашига ақл бовар қилмайди. У жамоага жуда яхши мослашди. Аммо у ҳали бола (кулади), шунинг учун ҳушёр бўлиш керак, лекин у ажойиб йигит.
- Евро чорак финалидаги Мусиала билан боғлиқ эпизод бўйича гапириб берсангиз.
- Бу кўпроқ мем эди. Мен Жамолга зарар етказишга ҳаракат қилмадим, аксинча қарши ҳужумни тўхтатмоқчи эдим. У тўпни ўзига жуда яхши мослаштириб олди, мени ортда қолдирди ва охир-оқибат мен уни ушламоқчи бўлдим - бўйнидан ушладим, лекин ўша вазиятда бошқача ҳаракат қилишим ҳам мумкин эди.
- Англия терма жамоасига қарши финалга қандай тайёргарлик кўрдингиз ва улар ҳақида жамоа сифатида қандай фикрдасиз?
- Таҳлил қилдик. Уларнинг кучли томонларини биламиз: Жуд Беллингем чап томондан ичкарига киради, Букайо Сака қанотга қочади... Биз яхшироқ ўйнадик, кўпроқ имкониятлар яратишга ҳаракат қилдик ва натижада Микель Ойярсабалнинг ўша голи Еврода ғалаба келтирди. Инглизлар аслида жуда рақобатбардош: улар жуда истеъдодли ва ақлли ўйинчиларга эга. Уларнинг сўнгги икки Евро финалига чиққани юқори даражадаги ёш футболчиларнинг жуда яхши авлодига эга эканлигидан далолат беради.
- Мадриддаги ғалабани нишонлаш чоғида Мората ва Родрининг Гибралтар ҳақидаги қичқириғи ва у қандай қабул қилинганлиги ҳақида нима деб ўйлайсиз?
- Улар Испаниянинг жанубий қирғоғидаги Британия ҳудудига ишора қилиб, «У испанларники, Гибралтар - испанларники» деб ҳайқиришди. Гибралтар футбол ассоциацияси УЕФАга «ўта провокацион ва ҳақоратли» ҳатти-ҳаракатларни келтириб шикоят қилганидан сўнг, бош ташкилот Мората ва Родрини биттадан ўйинга дисквалификация қилди.
- Мбаппе келганидан кейин «Реал» таркиби сизга қанчалик ёқди?
- Сафимизни Тони Кроос, Начо ва Хоселулар тарк этишганидан кейин бу муҳим ўзгариш бўлди. Килианнинг келиши билан мураббий бизда мавжуд бўлган барча ажойиб ўйинчиларга мослашиши керак. «Мальорка» ва «Лас-Пальмас» билан учрашувларда (иккала ўйинда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилди) ўйинимизда бироз изчиллик йўқ эди, аммо унга эришамиз, албатта. Кейин «Бетис»га қарши ўйинда (2:0 - ғалаба) жамоа яхши натижага эришди, биз жуда яхши ўйнадик ва халқаро танаффусдан сўнг жумбоқнинг барча қисмларини бирлаштирамиз.
- Жамоада одатда чап қанотда ўйнайдиган футболчиларнинг кўплиги билан боғлиқ муаммолар борми?
- Тушунарлики, уч киши (Мбаппе, Родриго ва Винисиус) чап томонда ўзларини қулай ҳис қилишади, лекин ўтган йили қанотимда катта бўш ҳудудга эга бўлдим ва бу ҳужумдаги ўйинимни сезиларли даражада кучайтирди. Менимча, бу йил ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Агар тўп сизда бўлмаса, тартибли бўлишингиз керак, лекин тўп бўлса, мураббий бизга кўпроқ эркинлик беради. Тизим мураббийга боғлиқ - фақат у қарор қилади.
- Крооснинг 34 ёшида фаолиятини тугатиши сизни ҳам келажагингиз ҳақида ўйлашга мажбур қилдими? Фаолиятингизни «Реал»да тугатишни хоҳлайсизми?
- Кейинги ёзгача шартномам бор. Айни пайтда кетиш ҳақида умуман ўйламаяпман. Мен буни оилам билан муҳокама қиламан: ҳар бир ўйиндан, ҳар бир машғулотдан завқланишни хоҳлайман. Йиллар давомида сиз ҳар бир дақиқани кўпроқ қадрлашингиз ва завқланишингиз кераклигини тушунасиз. Клуб билан муносабатларим аъло даражада. Агар иккала томон ҳам давом эттиришга рози бўлса, бу ерда кўп йиллар қолишдан умидворман.
- Сиз болалигингиздан «Реал»дасиз. Флорентино Переснинг президент сифатидаги ишини қандай баҳолайсиз?
- У энг яхши президент. У спорт мажмуасини, стадионни такомиллаштирди, янги футболчилар олишда молиявий барқарорликка эга, у клубнинг етакчиси ва шубҳасиз хўжайини. Ҳеч ким президентдан устун бўлмаслиги жуда муҳим ва унинг «Реал Мадрид»даги фаолияти жуда таъсирли.
— Бир нечта муаммолардан сўнг (жароҳатлар туфайли Евро-2016 ва Евро-2020ни ўтказиб юборган), сиз бир неча йилдан бери жароҳатсиз ва барқарор ўйин кўрсатяпсиз. Бунинг калити нима бўлди?
— Мен машқ қилишни, кардио билан шуғулланишни яхши кўраман, кикбоксингни синаб кўрдим, чунки бу менга югуришдан кўра кўпроқ ёқади. Аммо ҳақиқат шундаки, икки йилдан бери жисмоний тайёргарлигим ва жароҳатларим устида тинимсиз ишлаяпман ва дам олиш, овқатланиш, кундалик ҳаётда калит топдим, деб ўйлайман. Мен буни жуда кеч кашф қилганимдан бироз ғазабланаман, лекин қийин дамларни енгиб ўтганимдан фахрланаман. Йиқилганингизда ва кўтарилганингизда, нарсалар янада қизиқарли бўлади.
- Агар «Реал»ни тарк этсангиз...
- Агар мен «Реал»дан кетишга қарор қилсам, Европада ўйнамайман ва алтернативалар жуда кам бўлади.
- Демак, бу қўшма Штатлар, Қатар ёки Саудия Арабистони бўлиши мумкин.
- Айнан шундай. Шу учта вариантдан бири бўлади.
- Жамоадаги ёш футболчиларидан қайси бирини ажратиб кўрсата оласиз?
- Нико Пас (яқинда «Комо»га ўтди) - ажойиб ўйинчи, Марио Мартин («Вальядолид»га ижара кетди) ҳам, Хакобо Рамон, Жоан Мартинес жароҳат олган, Юси чап ҳи-моячи сифатида жуда яхши ўйнайди. Уларнинг келажаги порлоқ бўлиши мумкин.
МУҲАММАДХОН тайёрлади