Кириш Регистрация

Олқишга лойиқ фаолият

Баҳо:
+ | -

Унинг катта футболдан кетиши аввалдан маълум эди...

 41 ёшда талаб даражасида тўп суриш осон эмас. Бу ўз-ўзидан тушунарли ҳол бўлсада, асримизнинг энг моҳир дарвозабонларидан бири энди майдонга тушмаслигига кўникиш қийин.

Хайрлашув бенефиси

41 ёшда ҳам Клаудио Браво ишончли тўп сура олишини Америка Кубоги турниридаги ўйинлари яққол кўрсатиб берди. Тўғри, Чили терма жамоаси гуруҳдан чиқа олмади. Бироқ Браво 3та учрашувда атиги бир марта, жаҳон чемпиони бўлмиш Аргентинага қарши баҳснинг 88-дақиқасида ўз дарвозасидан тўп олиб чиққанди. Жамоадошлари бирорта гол ура олмаганларига фахрий дарвозабон айбдор эмас. Ўша ўйинда Клаудио 8 марта жамоани муқаррар голдан қутқариб қолган ва Браво («Офарин», «баракалла» маъноларини беради) фамилиясига мос эканлигини исботлаганди.

Шарҳловчилар фикрича, Браво фаолиятини давом эттириши, «Бетис»да захира дарвозабони мақомида юриб, терма жамоа ўйинларида иштирок этиши мумкин эди. Бироқ футболчи ўзгача қарорга келди: «Мен профессионал футболдан кетяпман - бу оила доирасида роса ўйлаб, кейин қабул қилинган ақлли қарор. Ҳаётимдаги муҳим босқични якунлаш вақти келди. Профессионал футболдаги 23 йиллик фаолиятим учун ота,онам, ака-укаларим, рафиқам ва 4 нафар фарзандларимга миннатдорчилик билдиришни истайман. Улар туфайли самарали ва саргузаштларга бой даврни ўтказдим».

22та соврин! Улар орасида ЕЧЛ ғолиблиги, КЖЧдаги зафар, Европа Суперкубоги, 2та Америка Кубоги, 2та Испания чемпионлиги, Англия чемпионлиги, миллий кубоклар комплекти бор. Шахсий совринлари орасидаги 2та - Сегунда ва Ла Лигадаги Самора кубоклари.

«Сосьедад»даги мослашиш ва «Барселона»даги  юксалиш

Клаудио фаолиятидаги энг узоқ давр «Реал Сосьедад» клубида ўтди. У ердаги 8 йилнинг 3 йили Сегундага сарфланди. Албатта, машҳурлик ва нуфузга Браво Чилининг «Коло-Коло» клубида эришганди. Лекин кўпчилик қитъадошлари каби, у ҳам Европада донг таратишни истарди. Номдор жамоадан таклиф тушишига умид йўқ, «Сосьедад» эса мақбул вариант эди.

Сан-Себастьянда Клаудио турли ҳолатларни - Асьер Риесгонинг соясида ўтириш, Ла Лигани тарк этиш ва 3 йиллик элитага қайтиш даврини бошдан кечирди. Лекин кайфиятни кўтарадиган воқеалар ҳам йўқ эмасди - Самора Кубоги, элитага қайтгани, жарима зарбасидан гол ургани. Браво ўз нуфузини тасдиқлашдан ташқари, анча ошириб олишга ҳам улгурди. Натижада дарвозабон Вальдес билан хайрлашишга қарор қилган «Барселона» сафидан жой олди. Ҳатто унинг фахрийлар ёшида эканлиги ҳам келишувга халал бермади. Ўшанда Клаудио 31га чиққанди, унинг ЖЧ-2014даги ишончли иштироки эса танловнинг тўғри эканлигини тасдиқлади.

Бравонинг «Барселона»даги дебюти ҳам фантастик кўриниш олди. Дастлабки 8та ўйинда дарвозабон бирорта тўп ўтказмади. Унинг дарвозасига фақат «Реал» Эль Класико баҳсида йўл топа олди. Роналдунинг 11 метрли зарбаси 754 дақиқалик «қуруқ» серияга нуқта қўйди, ўйин эса «Барса»нинг 1:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди.

Бироқ мағлубият Каталония грандининг чемпион бўлишига тўсиқ бўла олмади. Клаудио 37та учрашувда 19 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Бу Ла Лига тарихидаги иккинчи энг яхши кўрсаткич (0,51) эди. Ундан аввал «Депортиво» посбони Франсиско Лианьо 1992|93 йиллар мавсумида яхшироқ (0,47) натижага эришганди. Ўша мавсумда «Барселона» Испания Кубоги ва ЕЧЛ Кубогини ҳам қўлга киритди. Тўғри, халқаро мусобақада дарвозани Марк-Андре тер Штеген қўриқлаганди, каталонияликлар бу муваффақиятни 2014 йил ёзида ҳам такрорладилар. Германиялик касбдошини Браво хавотир билан қарши олди. Чунки Луис Энрикенинг Бундестим дарвозабонини олиб келишини ўзига нисбатан ишончсизлик сифатида қабул қилганди. Бироқ чилилик посбон ўз ўрнини осонликча бериб қўймади. 2015|16 йиллар мавсумида асосан у майдонга тушди, ундан 9 ёшга кичик бўлган тер Штеген эса захирада ўтирди.

Орзуга зид трансфер

Бироқ ёзда «Барселона» билан Браво ўртасидаги роман кутилмаганда, чемпионат стартидан кейин ниҳоясига етди. Чилилик посбонни «Манчестер Сити»га сотиб юборишди. Ташаббус Хосеп Гвардиоладан чиққанди. Клау­дио эса янги жамоада иши юришмаслигини сезгандек, кетишни истамади. Бироқ у пайтда ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. «Барса» Бравони 25 млн. еврога алмаштирди.

Манчестердаги иштирокини манкуниан дербисида бошлаган посбон ўзини ўта ноқулай ҳис этганди. Гарчи, «Олд Траффорд»дан «Сити» ғалаба (2:1) билан қайтган бўлсада, Браво ўйинни асабий руҳиятда ўтказган, кўплаб хатоларга йўл қўйганди. Бироқ Гвардиола уни мақтовларга кўмиб ташлади.

Браво фаолиятида рақиблари унинг дарвозасини ишғол этган ўйинлар ҳам кўп бўлди. ЕЧЛ доирасида «Камп Ноу»га қайтиши ҳам омадсиз якунланди. 0:1 ҳисобидаги ўйин чоғида Клаудио жарима майдончаси ташқарисида қўл билан ўйнаб, майдондан четлатилди, унинг ўрнини эгаллаган Вилли Кабальеро эса яна 3та тўп ўтказиб юборди. Кейинчалик Браво Кабальерога рақобатни бой берди ва захирадан жой олди. 

Янги мавсумда «шаҳарликлар» Эдерсонни харид қилишгач, мунтазам равишда майдонга тушишга одатланиб қолган Браво ўриндиққа михлангандек «дембел»ни кутишга мажбур бўлди. Ниҳоят, 3 йилдан кейин у 37 ёшида эркин агент мақомини олди. Бундай вазиятда кўпчилик қўлқопини михга илади.

Лекин Клаудио Испанияга қайтди ва «Бетис»да тўп сура бошлади. Фақат 4 мавсумнинг дастлабкисида у асосий дарвозабон вазифасини бажарди, қолганларида касбдошининг ўйинларига томошабин бўлди. Ёши эса ўтиб борарди, бир ёқда жароҳатлар. Шундай бўлсада, посбон хайрлашишга ошиқмади. Гўё Америка Кубогини кутаётгандек. Охир-оқибат, айнан шу турнир ёрқин ўйнади ва ўз фаолиятига чиройли якун ясади.

Бравонинг «Сити»даги омадсизлиги унутилиб кетади, «Барселона» ва Чили терма жамоасидаги порлоқ ўйинларини эса, мухлислар анча вақтгача эслаб юришади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 07:30, 19.09.2024.
Ўқилди: 1297 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.