Мадриднинг "Атлетико" клуби бош мураббийи Диего Симеоне ҳужумчи Хулиан Альвареснинг қобилиятига шубҳа қилмаяпти.
Аргентиналик футболчи "матрасчилар" сафида 6 та ўйинда майдонга тушди. Ўтган ойда мадридликлар форвардни "Манчестер Сити"дан 75 миллион евро эвазига сотиб олганди, аммо бонусларни ҳисобга олсак, бу сумма 95 миллионга етиши мумкин.
"Альвареснинг майдондаги позициясини қайта кўриб чиқасизми? Йўқ, мен уни ҳужумчи сифатида кўраман. Мен уни майдонга туширяпман, чунки у жуда муҳим. У бу ерга ўз савиясини кўрсатиш учун келган ва муваффақиятга эришади. Худди шу нарса Сёрлотга ҳам тегишли, у ҳам ўз ўйинини топиб олади", - деди Симеоне Чемпионлар лигасида "РБ Лейпциг" устидан қозонилган ғалабадан кейин (2:1) ОАВ билан суҳбатда.