Кеча бўлиб ўтган биринчи лига доирасидаги “Аланга” – “Шердор” (1-2) учрашувидан сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Дилшод Андаев (“Аланга”) жамоаси бош мураббийи:
“Бугунги ўйин ҳақида шуни айтишим мумкинки, биз ўз майдонимизда фақат ғалаба учун ҳаракат қилдик. Негадир бутун ўйин давомида жамоамизнинг ўйини унчалик қовушмади. Биринчи гол уриб олганимиздан сўнг йигитлар озроқ бўшашиб қолишди шекилли, тўлиқ вазиятни ушлаб тура олади. Мағлубиятнинг асосий сабаби шунда деб биламан.
Жамоамизнинг тартиби борасида эртага йиғилишда кўриб чиқамиз. Бизда тартиб издан чиқиб кетмоқда. Буни ортда қолган 7 турда 23 та сариқ карточка олганимиз ҳам исботлаб турибди. Эртага буни ҳаммасини муҳокамасини ўтказамиз.
“Аланга” жамоасининг ҳозир олдига қўйган мақсади бу кучли саккизликка киришдир. Жамоамиз бу йил тўлиқ янги шаклланган жамоадир.
Жамоамизда иккита тенг кучли 1994 йил туғилган дарвозабонлар ҳаракат қилмоқда. Ғанишер борасида ҳам илиқ фикрлар айта оламан. Биз бу икки дарвозабонни ҳам ўйинларда мунтазам иштирок этишини таъминлаб келмоқдамиз. Аввалги иккита ўйинда Ғанишер Холмуродов дарвозада турган бўлса, энди бу дарвозабонимизга имкон бердик”.
Сайфулло Шарипов (“Шердор” клуби бош мураббий):
“Жамоамиз янги бўлишига қарамай, аста-секинлик билан ўз ўйинини топиб бормоқда. Дастлабки турларда жамоа бир бирини тушуниш борасида айрим камчиликлар кўзга ташланаётган эди. Ҳозир жамоа бир-бирини яхши тушуниб бормоқда. Қийин ўтган ўйинда муҳим ғалабага эришдик. Ҳозирча барча бизнинг гуруҳда “Машъал”дан бошқа барча жамоаларда имконият бир хил ва кучлилар саккизликда қолади. Мана тақвимда ҳам биз иккинчи ўриндаги жамоадан уч очко ортдамиз. Бу футболда битта ғалаба дегани. Ҳали жадвалда кўп ўзгаришлар бўлади. Асосийси йигитларга ғалабага бўлган шижоатни йўқотмасликни тилайман”.