Ўз уйида ҳар қандай жамоани мағлуб этишга қодир бўлган «Олмалиқ» бу сафар ҳам ғалаба қозонишини кўпчилик башорат қилган бўлиши табиий. «Бунёдкор»ни мағлуб этган жамоанинг «Навбаҳор»дан устун келишини кутиш ўринли эди. Бироқ футболнинг шу даражада оммалашишига сабаб бўлган кутилмаган натижа бу сафар Олмалиқда қайд этилди.
Дастлабки дақиқалардан олдинга ташланган «Олмалиқ» футболчилари 6-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олди. Акмал Рустамовнинг жарима майдонига ҳаволатиб узатган тўпини Шаҳбоз Эркинов боши билан Денис Романенко дарвозасига жойлаб қўйди. Шундан сўнг ўйин сурати пасайгандек бўлганди. Бу сукунатни 28-дақиқада Акрам Баҳриддинов бузди. Баҳриддиновнинг жарима майдончаси ташқарисидан берган зарбасини мезбонлар посбони қайтара олмади.
Ҳисоб тенглашгач, биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида «Олмалиқ» футболчилари ташаббусни ўз қўлига олишди. Зоҳир Пиримов ва Достон Абдураҳмоновларда жуда яхши имкониятлар юзага келди. Бироқ баъзи вазиятларда Денис Романенко аниқ ҳаракат қилган бўлса, баъзида зарбаларга аниқлик етишмади. Шу тариқа биринчи бўлим ўз поёнига етди.
Иккинчи бўлим бошидан Шквирин майдонга «Олмалиқ»нинг ёш футболчиси Диёржон Туроповни майдонга туширди. Бу эса ўз самарасини бермай қолмади. Зоҳри Пиримовнинг бурчакдан етказиб берган тўпини Туропов боши билан Романенко дарвозасига тўғрилаб қўйди. Аммо бу қувонч узоққа чўзилмади. «Навбаҳор»нинг учрашувдаги энг яхши футболчиси Акром Баҳриддинов 54-дақиқада яна узоқ масофадан Шомуродов дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.
Шундан сўнг «Олмалиқ» яна олдинга боришга, «Навбаҳор» эса ҳимояланишга ҳаракат қилди. Мезбонларнинг ҳужумга берилиб кетишидан эса наманганликлар кетма-кет икки марта фойдаланиб қолишди. Бу сафар икки голга Рўзимбой Аҳмедов муаллифлик қилди. Рўзимбой аввалига 67-дақиқада Илҳом Бойдедаевнинг ошириб берган тўпини самарали якунлаган бўлса, 70-дақиқада дарвозабондан ва тўсиндан қайтган тўпни дарвозага бош билан аниқ йўллади.
«Навбаҳор»нинг кетма-кет иккита голига эса фақатгина Евгений Гоголь бир гол билан жавоб қайтарди. Яна ўша Зоҳир Пиримов томонидан етказиб берилган тўпни Гоголь голга айлантирди. Бироқ бу жамоанинг мағлубиятдан қутулиб қолиши учун етарли бўлмади ва натижада «Навбаҳор» меҳмонда ўта муҳим ғалабани қўлга киритиб, очколарини 10тага етказиб олди. «Олмалиқ» эса 9 очко билан қолмоқда.
ЎзПФЛ. 7-тур
ОЛМАЛИҚ - НАВБАҲОР 3:4 (1:1)
Голлар: Шахбоз Эркинов (6), Диёр Туропов (52), Евгений Гоголь (81) - Акром Бахриддинов (28, 54), Рўзимбой Аҳмедов (67, 70).
«Олмалиқ»: 1. Мақсатмурот Шомуродов, 5. Евгений Гоголь, 6. Акмал Рустамов, 7. Достон Абдураҳмонов, 9. Зафар Полвонов, 11. Зоҳир Пиримов, 18. Самандар Шодмонов (10. Мўйдин Мамазулумов, 63), 20. Дарко Станоевич, 21. Шаҳбоз Эркинов, 22. Санжар Шоаҳмедов (14. Исроил Эргашев, 82), 23. Шерали Жўраев (24. Диёржон Туропов, 46).
«Навбаҳор»: 16. Денис Романенко, 4. Абдумажид Тоиров, 6. Леонид Кошелев (8. Азимжон Аҳмедов, 84), 9. Илҳом Бойдедаев, 10. Акрамжон Баҳриддинов (7. Абдуазиз Султонов, 90), 13. Тимур Султонов, 20. Ғайрат Жўраев, 22. Рўзимбой Аҳмедов, 26. Қаҳрамон Маҳамаджонов, 30. Собир Ҳамидов (17. Соҳиб Абдуллаев, 56), 32. Жаҳонгир Меҳмонов.
Огоҳлантиришлар: Қаҳрамон Маҳамаджонов (18), Евгений Гоголь (51), Соҳиб Абдуллаев (78), Диёржон Туропов (90+3).
Ҳакамлар: Бахтиёр Намозов, Олим Абдувосилов, Тимур Гайнулин (барчаси — Тошкент), Бахтиёр Юлчараев (Гулистон).
Назоратчи ҳакам: Игорь Мустафин.
Комиссар: Валерий Лёткин.