"Сўғдиёна"- "Пахтакор" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Мурод Исмоилов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— ОЧЛ доирасидаги «Аш-Шабоб» билан бўлган ўйиндан сўнг футболчиларда руҳий тикланиш яхши бўлмаганга ўхшади. Сабаб, биз ўша ўйинда катта куч сарфлагандик. Лекин, шунга қарамай, бугун шогирдларим яхши ҳаракат қилишди. Бироқ, ўша эски «касаллигимиз» панд берди. Кўплаб хавфли вазиятлар ташкиллаштирилаяптию, лекин шу ҳужумларни охирига етказадиган футболчилар топилмаяпти. Бу ачинарли ҳолат албатта. Камчиликларимиз устида машғулотларда ишлаймиз. «Сўғдиёна» бугун асосан ҳимояда ўйнади ва стадионни тўлдирган муҳлисларнинг қўллаб-қувватлашлари уларга қўшимча куч берди, манимча. Бугун бизни дуранг қониқтирмасди. Энди бор эътиборни кейинги ўйинларга қаратамиз.
— Бир неча ойлик танаффусдан сўнг Боян Миладинович бугун майдонга қайтди. Унинг ўйинидан қониқдингизми?
— Миладиновичнинг майдонга қайтишини анчадан бери кутаётгандик. Бугун мана майдонга тушиб озми-кўпми жамоамизга ёрдам беришга ҳаракат қилди. Унинг сафга қайтганидан ҳаммамиз хурсандмиз. Энди ҳимоя чизиғимизда мавжуд бўлган бўшлиқ ва камчиликлар ушбу футболчи орқали ёпилади. Бизга майдонда Боян каби етакчи етишмаётганди.
— «Сўғдиёна» жамоаси биринчи бўлимда кўпроқ Мурод Ҳолмуҳаммедов ҳаракат қилаётган ҳимоя қанотидан хавфли вазиятлар ташкиллаштирди...
— Балки жиззахликлар жамоамизни яхшироқ ўрганиб чиқишгандир. Ҳолмуҳаммедов анчадан бери захирадан майдонга тушаётганди. Бугун у асосий таркибда ҳаракат қилди. Лекин бир-икки вазиятда хатоларга йўл қўйди.
— Иккинчи даврада жамоада ўзгаришлар бўлиши кутилаяптими?
— Ҳар бир ҳолатга реал қарашимиз керак. Шунга эътибор қиладиган бўлсак, ўз захираларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.