WBA йўналиши бўйича ўрта вазн тоифаси чемпиони Теренс Кроуфорд Конор Макгрегорга қарши жанг қилмаслигини айтиб ўтди.
“Менга жанг қилиш таклифи тушган эди. Конор билан телефонда суҳбатлашдим. Унга қарши октагонга кўтарилмаслигимни айтишимга тўғри келди. Чунки у мени енгиб қўяди.
Конор бунга жавобан анчагина пул ишлаб олишимиз мумкинлигини айтди”, — дейди Теренс.
Эслатиб ўтамиз, Теренс Кроуфорд сўнгги жангини 4 август куни Исроил Мадримовга қарши ўтказган эди. Жанг америкалик боксчининг очколар ҳисобига (115-113, 115-113, 116-112) кўра ғалабаси билан якунланган эди.
Макгрегор эса ўзининг сўнгги жангини 2021 йилнинг ёзида ўтказиб, америкалик Дастин Порьега техник нокаут билан ютқазганди. Ушбу жангда ирландияликнинг оёғи синган ва шу сабаб жангни давом эттира олмаган эди.