Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Ришод Собиров — XVII Осиё ўйинлари элчиси

Баҳо:
+ | -

Бугун пойтахтимиздаги “Hotel International Tashkent” меҳмонхонасида 2014 йилнинг 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган XVII Осиё ўйинларининг кўргазмасига бағишланган тадбир ўтказилди.

XVII Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасининг Бош котиби Квон Кьюнг-Санг, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усманов, Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари Отабек Мусаев, шунингдек, Жанубий Кореядан ташриф буюрган меҳмонлар, мамлакатимиз спорт федерациялари раҳбарлари, ОАВ ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда қитъа миқёсида ўтказиладиган энг йирик спорт байрамига қай тарзда тайёргарлик ишлари амалга оширилаётганлиги хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Ҳақиқий байрамона рухда бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққанлар бу каби кўргазмалар Осиё қитъасининг олтита давлатида (Ўзбекистон, БАА, Ҳиндистон, Сингапур, Вьетнам, Хитой) ўтказилишини ва XVII Осиё ўйинларининг ташкилий қўмитаси қарорига кўра биринчи кўргазмали тадбир Ўзбекистон пойтахти азим Тошкент шаҳрида ташкил этилаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар. Хусусан, ташкилий қўмита Бош котиби Квон Кьюнг-Санг, Ўзбекистон Марказий Осиёда кўплаб соҳаларда етакчи ўринни эгаллашини ва шу боис ҳам кўргазмани айнан Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилинганлигини, бундай тадбирлар Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини янада тараққий этишига туртки бўлишини эътироф этди. Ташкилий қўмита Бош котиби ўз сўзида, шунингдек, мазкур тадбирни юксак савияда ташкил этилишига яқиндан кўрсатган кўмаги учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига чексиз миннатдорчилик изҳор қилди.

Тадбирнинг расмий қисми ниҳоясига етгач, тадбир қатнашчилари эътиборларига, XVII Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, мусобақалар ўтказиладиган спорт саройлари ҳақида ишланган фильм намойиш қилинди. Шундан сўнг, Ўзбекистоннинг Инчеонда ўтказиладиган XVII Осиё ўйинларидаги элчисининг номи эълон қилинди. Бундай шарафга, дзюдо кураши бўйича икки карра Олимпиада ўйинлари совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Гран-При туркумига кирувчи қатор нуфузли халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори Ришод Собиров сазовор бўлди.

“Ўзбекистоннинг XVII Осиё ўйинларидаги элчиси бўлиш ҳар бир спортчи учун шараф бўлиши билан бирга ўзига хос масъулият ҳам юклайди, - дейди Ришод Собиров. Менга билдирилган ишонч учун ташкилий қўмитага ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига чексиз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Маълумки, Ўзбекистон Осиёда жисмоний тарбия ва спорт жадал суръатларда ривожланиб бораётган давлатлардан бири ҳисобланади ва Ватанимиз номидан қитъа ўйинларининг элчиси бўлганлигим қалбимдаги фахр ва ифтихор ҳисларини янада жўш урдирди. Насиб этса, келаси йили Инчеон шаҳрида ўтказиладиган XVII Осиё ўйинларида ҳам юқори натижаларга эришиш учун бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз”.

Республика Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ўтказилган матбуот анжуманида XVII Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасининг Бош котиби Квон Кьюнг-Санг ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Қосимов журналистларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб бердилар. Инчеон шаҳридан ташриф буюрган “Метрополис” рақс дастасининг чиқишлари тадбирга ўзгача файз киритди.

Жанубий Кореядан ташриф буюрган меҳмонлар бугун, шунингдек, пойтахтимиздаги қатор спорт саройларида бўлиб, жойларда спортчи ва мураббийларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

 Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистонлик спортчилар (жами 920 нафар) 1994 йил Хиросима (Япония), 1998 йил Бангкок (Таиланд), 2002 йил Пусан (Жанубий Корея), 2006 йил Доҳа (Қатар) ҳамда 2010 йил Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган Осиё ўйинларида иштирок этиб, жами 53 та олтин, 83 та кумуш ҳамда 96 та бронза медалига сазовор бўлганлар.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 16:21, 06.05.2013.
Ўқилди: 5159 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.