Италия терма жамоаси ва «Ювентус» клуби ярим ҳимоячиси Мануэль Локателли «кекса синьора» қиёфаси ўзгараётганидан хурсанд.
Тажрибали футболчи янги бош мураббий Тьяго Мотта ғоялари жамоани катта ғалабалар сари элтишига тўлиқ ишонмоқда. Мануэль шунингдек, Миланга яқин ҳудудда туғилган бўлсада, қалбан «Ювентус»га тегишли эканлигини баралла таъкидламоқда.
- Ману, келинг, аввало болалигингиз ҳақида гаплашамиз. Бошида яқинларингиздан айнан ким салоҳиятингизга кўпроқ ишонган? Ўзингизчи, футболда муваффақият қозонишингизни қачон теран тушунгансиз? Умуман, қайси клубда ўйнашни орзу қилгансиз?
- Ота-онам ҳар доим менга тўлиқ ишонишган ва машғулотларда мунтазам қатнашишимни таъминлаш учун кўп нарсаларни қурбон қилишган. Айниқса, «Аталанта» ёшлар жамоасида ўйнаганимда. Чунки клуб ҳар куни ҳам автобус ажратмасди ва отам, онам ёки бувим мени базага олиб борарди. «Милан» ёшлар жамоасига кўчиб ўтганимдан кейин автобусда мустақил боришга одатландим. Лекин онам шунда ҳам қўлимга егуликлар тутқазарди, барибир. Ўша йиллар хотирамга абадий муҳрланган. Дейлик, мен билан бирга шуғулланган барча йигитларни эслаб қолганман, ваҳоланки, кўплаб тенгдошларимга профессионал футболчи даражасига кўтарилиш насиб этгани йўқ. Муҳими, деярли ҳеч бири билан алоқани узмаганман. «Милан» ёшлар жамоаси сафида Примаверада ўйнай бошлаганимда, иккинчи мавсумдаёқ мураббий Брокки мени вице-сардор мақоми билан тақдирлагани эсимда. Аслида бошқа йиигитлардан анча ёш эдим. Табиийки, мураббийнинг бундай ишончидан роса қувондим, вужудимда ўзгача тетиклик ҳис қилдим. Кейинчалик мени доимий равишда асосий жамоа машғулотларига жалб этишди ва ўзимга сўз бердим: «Мануэль, бўлди, бу ерда муваффақиятга эришишинг шарт!» Шу тариқа ишга муносабатимни кескин ўзгартирдим, айниқса, машғулотларда. Олдинлари барчасига тўлиқ эътибор билан қарамасдим. Дейлик, юклама ҳаддан ортиқ ошиб кетса, ўзимни енгилроқ қўйиб юборардим, эътиборни 100 фоиз жамлай олмасдим. Кейин қўққисдан омад кулиб боқди: мавсум охирида «Милан» бошқарувини қўлга олган Брокки «А» серияда дебют қилишимга имкон берди. Орзумга келсак, фақат ва фақат «А» серия даражасига чиқиш, «Ювентус» формасида ўйнашни ўйлаганман, лекин кимгадир кумир сифатида қарамаганман. Орзумга эса аввало, Яратганнинг иродаси, қолаверса, ўзим ва оилам ҳаракати эвазига эришдим. Ёшлигимда Дель Пьеро, Недвед ва Тотти ижросидаги ўйинлардан ҳайратланардим. Клуб базасида Недвед билан илк марта кўришганимда, ҳаяжонимни сира босолмаган эдим. Умуман, ҳамон футбол ошуфтасиман, дейлик, сўнгги бир неча йил давомида Кроос ўйинини диққат билан кузатиб келдим - шунчаки, фантастик ярим ҳимоячи.
- Отангиз ҳам сизга бевосита мураббийлик қилган экан.
- Ҳа, у нотиқлик бобида тенгсиз устоз эди, лекин ўзини ҳақиқий мураббийдек тутарди. Отамнинг исми - Эмануэле. Мени буткул чап оёғда ўйнашни ўрганишга мажбурлаган инсон - айнан отам.
- Миланда улғайган болакай қанақасига «Ювентус» фанатига айланиши мумкин?
- Йўқ, соф миланлик эмасман, аслида Леккоданман. Уйимиз Миландан 40 километр узоқликда. Умуман, биз азалдан оилавий тарзда «Ювентус»га мухлислик қиламиз.
- Ҳозир Next Gen («Янги авлод») йигитлари билан шуғулланяпсиз. 16-18 ёшли Мануэль билан таққослаганда, қандайдир яққол фарқни сезасизми? Ёндашув, хатти-ҳаракатларда ўсиш-ривожланиш борми?
- Албатта. Эсимда, «Милан»нинг асосий жамоаси машғулотига илк марта қўшилганимда, 16-17 ёшли ўсмир эдим. Ўша вақт жамоада Кака ва Робиньо каби катта футболчилар ўйнашарди, ёшларнинг бундай юлдузлар даврасига қўшилиб кетишлари осон эмасди. Ҳозир эса академиядан энди чиққан йигитлар ҳам ҳар қандай муҳитда анча эркин ишлашади. Асосийси - ўзаро ҳурмат сақлаш. Табиийки, ёши каттароқ футболчилар ёшлардан машғулотларда жиддий ишлашни талаб қилишга ҳақлилар.
- «Юве»да 4-мавсумни ўтказяпсиз. Бу оралиқда нечоғли ўзгардингиз, янада кучайганингизни ҳис қил-япсизми?
- Ҳа, ҳам инсон, ҳам футболчи сифатида анча улғайдим. Дейлик, 3 йил давомида нисбатан барқарор футболчига айландим. Ҳозир ҳам олдимга янги марраларни қўймоқдаман.
- Хўш, майдондаги вазифаларингиз қанчалик ўзгарди?
- Ҳозир жамоада тўп назоратига эътибор кучли. Статистик маълумотлар эса мен тўп билан кўпроқ мулоқот қилаётганимни кўрсатяпти. Гап бутунлай бошқача ўйин услуби ҳақида кетмоқда ва унга муаммосиз мослашганимдан мамнунман.
- «Рома» ва «Наполи»га қарши ўйинларда тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунлик етарлича вазиятлар тақдим этмаганини қандай тушунтирасиз?
- Бу ўйинларда «Наполи» ва «Рома»га нисбатан анча яхши ўйнаганимиз - ҳақиқат. Фақат Конте жамоаси барча зоналарни ёпиб қўйишни уддалади. Аллақачон вертикал ўйин ва рақиб жарима майдонига кўпроқ кириб бориш ҳақида баҳслар бошланди. Ҳечқиси йўқ, ахир янги йўлга энди киришдик.
- Янги футболчилардан қай бири кучлироқ таассурот қолдирмоқда?
- Ҳозир кимнидир ажратиб кўрсатишим ножоиз. Чунки ҳар бир футболчида ўзига яраша устун жиҳатлари бор. Фақат янги йигитлар чинакамига ҳайрон қолдиришаётганини таъкидлашим мумкин. Ўйлайманки, «Юве» оиласига чиндан ҳам, муносиб ижрочилар қўшилишди.
- Вақтида «Арсенал» сизни ўз томонига оғдиришга уринганини эслаб турасизми?
- Йўқ. Лекин «Арсенал» ўйинларини катта қизиқиш билан кўраман, хусусан, жамоа мураббийи Артетага ҳурматим баланд.
- Жорий мавсум машғулотларда қандай фарқ бор? Юкламалар ортгани ростми?
- Бошқача методика асосида, юқори интенсивликда кўпроқ ишлаяпмиз. Бор гап шу. Охир-оқибат, фақат бир жиҳат муҳим - ғалаба!
- Тьяго Мотта ҳақида нима дея оласиз? Уни сиз билан илгари ишлаган мураббийлар олдига қўйсангиз, нима кўзга ташланади?
- Илк таассурот ижобий - Мотта аввало, шахс сифатида жуда кучли. У бу борада «Юве» даражасидаги клубда ишлашга муносиб. Очиғи, Мотта ўз ишида даҳодек кўринмоқда.
- Брокки, Монтелла, де Зерби, Михайлович, Аллегри - булардан қай бирини ўзига хос мураббий сифатида таърифлайсиз ва нима учун?
- Энг ўзига хоси - де Зерби, шубҳасиз. Ҳар ҳолда, у энг ақлдан озгани. Асосийси, шундай ақлдан озиш де Зербини катта натижалар сари етаклайди. Аллегри ҳам қойилмақом мураббий, албатта.
- «А» серия анча мувозанатга келгандек кўринмоқда. Қизиқ, қайси клубни жорий мавсумнинг бош фаворити ўрнида кўряпсиз?
- Менимча, «Интер» ҳамон етакчи мақомида - бу энг барқарор жамоа. Лекин дербида ўз кучини намойиш этган «Милан», шунингдек, «Наполи»ни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак. Яна «Ювентус» ҳам бор, албатта. Бизда яхши ўйин ритми шаклланаётганини яшириш бефойда, ҳаммаси шундоқ кўриниб турибди.
- Охирги савол телевизорда қандай дастурларни кўришингиз мумкин?
- Триллер шайдосиман. Айниқса, ультрадинамик, яхши кийинган адвокатлар иштирокидаги «Форс-мажорлар» сериалини яхши кўраман.
МУҲАММАДХОН тайёрлади