“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Эрик тен Ҳаг “қизил иблислар”нинг баъзи футболчилари билан келишмовчиликка учраган. Бунга унинг инглиз тилини яхши билмаслиги оқибатида фикрини тўлиқ етказа олмагани сабаб бўлган.
“Эрик жуда содда ва очиқ кўнгилли. У ўз принципларига кўра ҳалол инсон, лекин ўтган мавсумда биз унга футболчиларга нисбатан юмшоқ муносабатда бўлиши кераклигини айтишимизга тўғри келди. Эрик уларни жуда тез-тез танқид қилар эди, лекин баъзида бу унинг инглиз тилин билиш даражасига боғлиқ эди.
Тен Ҳаг инглиз тилида гапиради, лекин ҳар доим ҳам унинг барча жиҳатларини тушунмайди. Мисол учун, ўтган мавсумда у бразилиялик футболчи Каземирога “футбол сабаблари”га кўра алмаштирганини айтиб, ғазаблантирганди. Эрик тактик сабабларга кўра демоқчи бўлган, аммо тилни яхши билмагани сабаб Чемпионлар Лигасининг бир неча бор ғолибини ғазаблантирган. Футболчи мураббий уни танқид қиляпти деб ўйлаган”, дея вазиятдан хабардор инсоннинг сўзларидан иқтибос келтирган ESPN.
Аввалроқ “Манчестер Юнайтед” бош мураббийлиги учун Зидан номзоди кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди.