30 ноябрь куни Суперлиганинг сўнгги турида “Андижон” Наманганда “Навбаҳор”га қарши водий дербисида майдонга тушади. Табиийки, бор эътибор бўлажак ўйинга қаратилган. Бу борада “Андижон” жамоаси наманганликларга қарши баҳсга астойдил тайёргарлик кўряпти.
Маълумки, октябрь ойида ҳам бу жамоалар Ўзбекистон Кубоги финалида тўқнаш келишган ва унда севимли жамоамиз тарихий ғалабани қўлга киритишган. Ундан аввал эса “Бургутлар” чемпионат доирасида “Бобур арена”да “Навбаҳор”ни 3:0 ҳисобида таслим қилишган.
“Андижон”нинг тиниб-тинчимас футболчиси, қанотда ўзининг рейдлари билан рақибларга жиддий хавф туғдириб келаётган ярим ҳимоячи Бектемир Абдуманнонов водий дербиси олдидан клуб матбуот хизматига интервью берди.
- Бектемир, чемпионат якунига бир тур қолди ва “Андижон” охирги ўйинни Наманганда ўтказади. Ушбу учрашув олдидан нималарни ўйлаяпсиз ва тайёргарлик қандай кетмоқда?
- Жамоа билан охирги ўйинга жуда яхши тайёрланяпмиз. Бу йилги мавсумни ғалаба билан якунлаб қўймоқчимиз. Ҳамма яхши кайфиятда дамга чиқиб кетишни хоҳлайди.
- Маълумки, “Андижон” шу йилнинг ўзида “Навбаҳор” билан икки марта ўйнади ва иккаласида ҳам учтадан гол уриб ғалаба қозонди. Айтинг-чи, “Навбаҳор” “Андижон” учун қулай рақибга айландими?
- Дерби учун алоҳида тайёргарлик бўлади. Жамоа яхши кайфиятда. Наманганда ажойиб ўйин бўлади. Барча мухлисларимизни ушбу учрашувга чорлаб қоламиз.
- Октябрь ойидаги Ўзбекистон Кубоги финалидан кейин “Навбаҳор” қанчалик ўзгарди, деб ўйлайсиз?
- “Навбаҳор” яхши жамоа. Финал битта ўйиндан иборат бўлгани учун омад бизга кулиб боқди. Чемпионатнинг охирги учрашуви ҳам қизиқарли кечади.
- “Андижон” сўнгги тур олдидан “Динамо”ни йирик ҳисобда ютди ва Суперлигада тўғридан-тўғри қолиш масаласини ҳал қилди. Бу ғалаба жамоага қанчалик таъсир кўрсатди, деб ўйлайсиз?
- Бизга ғалаба керак эди ва буни уддаладик. Кейин бир кун дам олдик. Охирги учрашув учун ҳамма диққат-еътиборини қаратган. Насиб қилса, биз ўз мухлисларимизни хурсанд қиламиз.
- Бу йил водий дербиларида тўп суриб ўзингиз учун нимани кашф қилдингиз?
- Водий дербиси ҳар доим алоҳида ўйиндек ўтади. Нима кашф қилган бўлсам ҳам буни жамоам билан амалга оширдим.
- Намангандаги учрашувда энг асосий эътибор қаратишимиз керак бўлган жиҳат, нима?
- Фақат ғалаба! Чемпионатни яхши кайфиятда якунламоқчимиз.
- “Андижон” ҳеч кимдан қўрқмайди ва айниқса етакчиларга қарши қандай ўйнашни яхши билади. Масалан, Кубок финали бунга яққол мисол. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, охирги ўйинда қандай қилиб ижобий натижага эришишни кўзлаяпсиз?
- Мураббийни айтганини қилсак ва тўғри ҳаракат қила олсак, албатта ютамиз.