"Реал"нинг ўнг қанот ҳимоячиси Дани Карвахаль жамоадоши Килиан Мбаппенинг жароҳати борасида ўз фикри билан ўртоқлашди.
Франциялик ҳужумчи сешанба куни бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси доирасида "Аталанта"га (3:2) қарши ўйиннинг биринчи бўлимида алмаштирилган эди. Юлдуз футболчининг жароҳати қанчалик жиддий эканлиги маълум эмас.
"Мбаппенинг жароҳати жиддий кўринмайди", - дейди хоч боғлами йиртилгани сабабли мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборадиган Карвахаль. "У яхши машғулот ўтказмоқда ва танқидларга қарамай, кўплаб голлар уришда давом этмоқда", - дея қўшимча қилди у.