Кириш Регистрация
17/12 00:45 Лацио 0-6 Интер
17/12 01:00 Борнмут 1-1 Вест Хэм
19/12 01:30 Вильярреал - Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол - Валенсия

Санжар Қувватов: "Танқидларни тўғри қабул қиламан"

Баҳо:
+ | -

Иккинчи давра олдидан «Навбаҳор»нинг асосий дарвозабони Ўткир Юсупов Эроннинг «Фулад» клубига трансфер қилингач, наманганликлар раҳбарияти жамоага тажрибали посбон Санжар Қувватов ҳамда Элдор Суюновларни таклиф қилишганди.

Бироқ, Суюнов «лочинлар» сафига 1,5 йиллик ўйин амалиётисиз келгани боис, мураббийлар кўпроқ Санжар Қувватовга имконят тақдим этишаётганди аммо футболчи мавсум якунланишига 4та тур қолганда жароҳат олиб сафдан чиқди. Биз ҳозирда муолажаларни давом эттираётган дарвозабон билан боғланиб айрим саволларимизга жавоб олишга эришдик.

- «Олимпик»ка қарши ўйин олдидан жароҳат олганингиз ҳақида эшитгандик. Ҳозирда аҳволингиз қандай?

- Ҳа тўғри, 23-тур ўйинига тайёргарлик кўриш учун давом этаётган машғулотлар чоғида оёғимдан жиддий жароҳат олдим. Худога шукур, ҳозир анча яхшиман. Муолажалар тугай деб қолди. Насиб қилса, «Навбаҳор»нинг қишки йиғинларида сафга қайтаман.

- «Навбаҳор» ўз сафига қўшиб олиш учун яна бир посбон излаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиётгандирсиз? Бу нарса дарвозабонга қандай таъсир қилади?

- Бу оддий ҳолат. Футболда бошқа чизиқ вакиллари сингари дарвозабонларга ҳам доимо рақобат керак. Рақобат йўқ жойда ўсиш бўлмаслигини фаолиятимда кўп бор гувоҳи бўлганман.

- «Навбаҳор»дан таклиф тушгач нималар ҳақида ўйладингиз? Бу йилги натижалар кутилганидек бўлмаётганлиги учун мухлислар тан­қидий кайфиятда юришганди...

- Водийда, хусусан Наманганда футболга бўлган қизиқиш анча юқори. «Навбаҳор»­да талабчан ва жонкуяр мухлислар босимига дош бера олганларгина ўзини кўрсата олади. Ўзим ҳам бунга аста-секин кўникиб боряпман.

- «Нефтчи»дан кетишингиз сабаблари бўйича турли фикрлар мавжуд. Яхшиси, бу ҳақда ўзингиздан эшитсак?

- Бу саволга қисқа жавоб бераман - ўзим шуни хоҳладим. Сиз эшитаётган турли гап-сўзлар мухлисларнинг фикри холос.

- Хўш, «Навбаҳор»га келганингиздан кейинги кутилмалар ўзини оқладими? Натижалар яхшилангани билан жамоа кўзланган мақсадларнинг ҳеч бирига эриша олмади...

- Нима десам экан...? Ҳар доим ҳам биз хоҳлаган нарсалар содир бўлавермайди. Бу омадга ҳам боғлиқ. Муҳими, ҳаракат ва изланишдан тўхтамаслик керак. Тушкунликка тушишдан фойда йўқ. Яхшиси, йўл қўйилган хато ва камчиликларни етарлича таҳлил қилиб келгусида бу каби йўқотишларга йўл қўймаслик чорасини топиш лозим.

- Айтингчи, бу йилги фаолиятингиздан нечоғлик кўнглингиз тўлди?

- Тан оламан, энг ёмон мавсумлардан бирини ўтказдим. Мақсадлар ҳар галгидек юқори эди, афсус ўхшамади... Аммо тўхтаб қолиш йўқ, хатолар устида ишлашим керак.

- Самвел Бабаян қўл остида шуғулланиб юрган футболчилар билан ишлаш Сергей Лушан учун қийинчилик туғдириши мумкинлиги тахмин қилинганди, лекин натижалар ёмон эмас...

- «Навбаҳор» сафида тажрибали ҳамда профессонал футболчилар жамланган. Улар исталган мураббий қўл остида ўзларини кўрсата олишади. Мен жамоа таркибига иккинчи даврада келиб қўшилдим. Шу боис, Самвел Бабаян футболчилар билан қандай ишлаганини билмайман лекин, Сергей Лушаннинг машғулотлари жуда қизиқарли эканини айтишим мумкин.

- Дарҳақиқат, Лушан кутилганидан кўра яхшироқ натижа қайд эта олди. Сизнингча бу мутахассисга ишонишда давом этиш керакми?

- Жамоани келаси йилда ким бошқариши раҳбарият ҳал қиладиган масала. Агар, фикримни билмоқчи бўлсангиз айтишим мумкинки, Лушан «Навбаҳор» таркиби ёшартирилган тақдирда ҳам жамоада мувафаққиятли ишлай олади.

- Келаси мавсумдан асосий урғу маҳаллий футболчиларга ва ёшларга қаратилиши маълум қилинди. Клуб раҳбарияти танлаган стратегия борасида қандай фикрдасиз?

- Бу раҳбарият қарори ва уни муҳокама қилишни хоҳламайман. Мутасаддиларда шундай тўхтамга келиш учун қандайдир асос бўлса керак-ки, режа ва мақсадлар ўзгартирилган.

- Терма жамоамизнинг асосий посбони Ўткир Юсуповга муносиб рақобатчи сифатида Абдувоҳид Неъматов номзоди илгари сурилмоқда. Тажрибали дарвозабон сифатида бу икки кипернинг ютуқ ва камчиликларини айта оласизми?

- Иккала дарбозабон ҳам ҳозир жуда яхши формада. Терма жамоамиз постида қайси посбон туришидан қатъий назар унга омад тилайман ва астойдил мухлислик қиламан. Худо хоҳласа жаҳон чемпионатига чиқсак, Ўткирни жуда катта ҳиссаси теккан бўлади. Дарвозабон сифатида бундан беҳад хурсандман.

- Суҳбат сўнггида ўйинингиз борасида танқидий кайфиятдаги мухлисларга нималар деган бўлардингиз?

- Танқидларни тўғри қабул қиламан ва ўз устимда янада яхшироқ ишлашга интиламан. Ўйинимга эътибор қаратиб, ўз фикрини билдираётганларга эса фақат соғлик-саломатлик тилайман.

Хуршидбек ЮСУПОВ суҳбатлашди

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:23, 17.12.2024.
Ўқилди: 490 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.