UFC 311 турнирининг асосий жангида енгил вазн тоифасида амалдаги дивизион чемпиони Ислам Махачев мажбурий даъвогар Арман Царукяндан камарини ҳимоя қилади. Арман учун реваншга айланадиган жанг олдидан Ислам ўз тахминини билдирди.
Махачев жангни ҳакамлар қарорига қолдирмоқчи эмас, у ҳамюртини партерда мағлуб этишни мақсад қилган. Бу ҳақда у Даниэль Кормьега берган интервьюсида айтди.
"Биринчи жангда мен унинг бэкграундларини билмагандим. У менинг курашимдан яхшигина ҳимояланганди. Ростан ҳам у ўшанда менга рақобатли жанг тақдим этганди. Оғир жанг ўтказганимни тан оламан. Лекин ҳозир мен у ҳақда ҳамма маълумотларни биламан. Ўйлайманки, уни муддатидан аввал мағлубиятга учратаман. Чарльз Оливейра Арманни деярли ҳар бир раундда мағлуб этган эди. Чарльз Арманни гильотина, учбурчак усулларига тушириб, жангнинг ўзида финиш қилишга яқин келганди. Шу ишни мен якунлаб қўяман", - деди Махачев.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг апрель ойида ўтказилган илк жангда Махачев очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонганди. Ўшанда Арман Царукян ўзининг UFC`даги дебют жангини ўтказган эди.