Кириш Регистрация
04/01 01:00 Валенсия 1-2 Реал Мадрид
04/01 17:30 Тоттенхэм 1-2 Ньюкасл
04/01 19:00 Венеция 1-1 Эмполи
04/01 20:00 Борнмут 1-0 Эвертон
04/01 20:00 Астон Вилла 2-1 Лестер
04/01 20:00 Кристал Пэлас 1-1 Челси
04/01 20:00 Саутгемптон 0-5 Брентфорд
04/01 20:00 Манчестер Сити 4-1 Вест Хэм
04/01 22:00 Фиорентина 0-3 Наполи
04/01 22:30 Брайтон 1-1 Арсенал
05/01 00:45 Верона 0-0 Удинезе
05/01 16:30 Монца 1-2 Кальяри
05/01 19:00 Фулхэм - Ипсвич
05/01 19:00 Лечче - Женоа
05/01 21:30 Ливерпуль - Ман. Юнайтед
05/01 22:00 Торино - Парма
06/01 00:45 Рома - Лацио

Шерзод Насруллаев: "Жамоада қолишим аниқ эмас"

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафтада ўзбек футболида мавсум якунланиб, барча жамоалар қишки танаффусга йўл олишганидан хабардорсиз.

Гарчи, жорий йилда Ўзбекистон Кубоги ва ОЧЛ-2 мусобақасида омадсиз иштирок этган бўлсада, Қаршининг «Насаф» клуби узоқ кутилган Суперлига чемпионлигини тантана қилди. Биз ўз тарихида илк бор мазкур совринга эга чиқишда муносиб ҳисса қўшган «аждарлар» етакчиси Шерзод Насруллаев билан боғланиб, мавсум таассуротлари ва келажак режалари ҳақида суҳбатлашдик.

- Жорий йилги чемпионлик орқали «Насаф» клуби ҳамда сизнинг совринлар коллексиянгизда Ўзбекистонда қўлга киритилиши мумкин бўлган барча медаллар тўлиқ жамланди. Бу билан табриклаймиз!

- Раҳмат! Хабарингиз бор, мавсум аввалида жамоамиз олдига Суперлигада чемпион бўлиш вазифаси қўйилганди, шукурки мақсадимизга эришдик. Қашқадарё халқи анчадан буён мазкур совринни қўлга киритишимизни кутаётган эди. Ниҳоят, буни уддаладик. Биз учун Суперлига чемпионлиги ички биринчиликда шу кунгача қўлга киритган ютуқларимиз орасида энг қадрлиси ва қиймати юқори бўлган мувафаққиятдир. Сабаби, «Насаф» ва унинг мухлислари учун ўзига хос тарихий натижа қайд эта олдик. Энди бизни «аждарлар»нинг тарихдаги илк чемпионлигини мана шу футболчилар билан қўлга киритишган, деб кўпчилик хотирлайди. Бундан фахрланамиз, албатта.

- «Насаф» ҳамда сизнинг фаолиятингизда ўчмас из қолдирган жорий йилги мавсум таассуротлари қандай?

- «Насаф» ўз уйимдай бўлиб қолган. Боиси, ёшлигимдан шу ерда тўп суриб, ҳозирги даражага эришдим. Мазкур клуб ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган хотираларни эслатиб туради. Жамоага бу йилги мувафаққиятли иштирокида ёрдамим текканидан хурсандман. Тўғри, мавсум давомида оғир ўйинларни ўтказиб, салбий натижа қайд этган кунларимиз ҳам бўлди. Аммо, доимо бизни муносиб қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларимизга каттакон раҳмат, деб қоламан.

- Чемпионликка эришилгач, у ёғига жамоа натижалари кутилганидек бўлмади. Бу эмоция тугаб қолгани билан боғлиқми?

- Тан оламан, асосий вазифани бажарганимиздан сўнг, жамоада сусткашлик пайдо бўлди. Шунинг оқибатида мавсум сўнггига келиб кўнгилсиз натижалар қайд этилди.

- Ҳозир болаликдаги орзуларининг деярли барчасига эришган футболчисиз. Айтингчи, фаолиятингизни эндигина бошлаётган пайтингизда бугунгидек мувафаққиятларга эришаман, деб ўйлаганмидингиз?

- Албатта, ҳар бир футболчи фаолияти давомида кўплаб соврин ва мувафаққиятларга эришишни ният қилади. Худога шукур, орзуларим ушалмоқда. Лекин ҳали етарли эмас, деб ўйлайман ҳамда бунданда кўпроқ совринларни қўлга киритиш ниятидаман. Умид қиламанки, бу бошланиши.

- Ортга назар ташлаб, болаликдаги Насруллаевни эслаб турасизми? Ҳозирги Шерзод қай даражада ўзгарган?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, болаликдан «Насаф»да катта бўлдим. Қай даражада ўзгарганимни мени яхши биладиганлардан сўраганингиз маъқул. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, ҳозир ёшликда бошдан кечирган қийинчиликлар роҳатини кўриб яшаяпман. Киши масақсад сари астойдил интилиб, тинимсиз меҳнат қилиб, қийнчиликларни сабр билан енгиб ўта олса, Яратганнинг ўзи кутганиданда зиёдасини инъом этади. У ёғига ҳаётдан завқ олиб яшаса бўлади.

- Энди МТЖ ҳақида ҳам бироз гаплашсак, термамизнинг кейинги босқичга чиқиши ўз қўлида, аммо бу ёғига очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ...

- Ҳа, буни терма жамоанинг ҳар бир футболчиси яхши тушуниб турибди. Мақсадимиз мундиал йўлланмасини шу босқичдаёқ ҳал қилиш. Албатта, очко йўқотмасликка ҳаракат қиламиз. Масъулиятли давр яқинлашгани боис ҳозир бироз босим сезилмоқда. Бироқ, буни енгиб ўта олишимизга ишонаман.

- Терма жамоага илк бор чақирув олган дамларингизни қандай эслайсиз. Бу хабарни биринчи бўлиб сизга ким етказганди?

- Бу ҳақда биринчи бўлиб клуб вакиллари айтишганди. Ўша пайтдаги ҳис-туйғуларимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Футболчи учун энг катта хушхабар - терма жамоадан чақирув олиш назаримда. Ўз мамлакатининг бош жамоасида ўйнаш ҳар бир футболчининг орзуси.

- КХДРга қарши учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўткир Юсупов «бугун йигитлар билан тактикага ҳам қарамасдан ўйнаб ғалаба учун боримизни беришга келишиб олгандик» -  деган гапи бироз ғалати туюлди. Аслида термамиз аъзоларида бош мураббийга нисбатан ишонч қай даражада?

- Биз КХДРга қарши чиройли ўйин эмас, натижа учун майдонга тушгандик ва буни уддаладик. Катанецга бутун жамоа ишонади, жумладан ўзим ҳам. Насиб қилса, унинг қўл остида зиммамизга юклатилган вазифани аъло даражада бажарамиз.

- Агар мундиал йўлланмаси қўлга киритилса, футболимизда нималар ўзгариши мумкин?

- Биринчи галда ҳудудларда миллионлар ўйинига бўлган эътибор янада ортади. Шунингдек, хориж жамоаларидан ўзбек футболчиларига бўлган қизиқиш кучаяди. Умуман олганда, яхши томонга ўзгаришлар кўп бўлади назаримда. Насиб қилса, шу сафар халқимиз дуоси, ишончи ва қўллаб-қувватлаши орқали азалий орзуга эришамиз.

- ПФЛ талқинига кўра, йилнинг энг яхши футболчиси, деб тан олинган жамоадошингиз Акмал Мозговойга қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Жорий мавсумда кўплаб футболчилар ушбу совринга муносиб ўйин намойиш этишди. Шулар қаторида Акмал ҳам ўзининг муҳим голлари ҳамда яхши ўйинлари билан ажралиб турди ва ҳақли равишда совринга лойиқ кўрилди. Бу тўғри танлов бўлди назаримда.

- Эндиликда янги чақириқлар бўсағасида турган «Насаф»ни олдинда Элит Чемпионлар лигаси кутиб турибди. Ҳозирдан қайси рақибларга қарши тўп суришни хаёл қиляпсиз?

- Биласизми...? Ҳозирча «Насаф»да қолишим аниқ эмас. Айни дамда оила даврасида дам оляпман. Кейинги режалар ҳақида январь ойидан бош қотирамиз. Яширмайман, бошқа жамоалардан таклифлар бор. Ўйлаб кўриб бир қарорга келамиз. Саволингизга келсак, келажакда нималар бўлишини тахмин қилиш қийин. Элит Лигада оддий жамоалар тушмайди, буни биласиз. Лекин «Насаф» ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатишдан ташқари, ижобий натижани кўзлаган ҳолда майдонга тушиши аниқ.

- Демак, «Насаф»дан кетишингиз ҳам мумкин шундайми?

- Ҳозирча аниқ айтолмайман. Агентим бир неча жамоалар билан музокара ўтказмоқда. Тез орада барчасига ойдинлик киритилади. Нима бўлган тақдирда ҳам Қаршидаги фаолиятимдан ёрқин хотиралар қолади. Жамоада қўлдан келганича ўйин намойиш этдим ва қайд этилган натижаларга ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. Қаршидан кетаманми-қоламанми билмадим-ку, лекин «Насаф»дек жамоа шарафини ҳимоя қилганимдан фахрланаман. Келажакда топ клубларда ҳам шундай натижаларга эришиш ниятим бор.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:02, 02.01.2025.
Ўқилди: 2168 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.