Шу кунларда ёшлар терма жамоамиз (U-20) Тошкентда йиғин ўтказмоқда. Аҳмаджон Мусаев бошқарувидаги жамоа 24 май куни Ироқ ёшлар термаси билан куч синашди. Ушбу ўртоқлик учрашувида ёшларимиз 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди. Энди 27 май куни ҳар иккала жамоа яна бир марта “Пахтакор” стадионида ўзаро назорат беллашувини ўтказади ва 17:30да бошланадиган ўйин тўғридан тўғри эфирга узатилиши кутилмоқда.
Маълумки, 1993 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамизга “Машъал”дан мунтазам равишда уч нафар футболчи жалб қилиб келинаётганди. Булар – Ихтиёр Тошпўлатов, Жаҳонгир Абдумўминов ва Искандар Шайқулов. Аммо бу футболчилар терма жамоамизнинг Португалиядаги йиғинига ҳам, мана энди Ироққа қарши ўйинларда ҳам терма жамоага таклиф этилмади. Албатта, бунинг аниқ сабаблари бизга маълум эмас ва бош мураббий нима учун “Машъал”дан футболчиларни терма жамоага таклиф этмаётганини билмаймиз.
Аммо шуни айтиш керак, ҳар уччаласи ҳам терма жамоага лойиқ футболчи. Хусусан Абдумўминов билан Тошпўлатов ўтган йилги Осиё чемпионатида қатнашиб, яхшигина тажриба тўплашди. Бизнингча, Жаҳонгирнинг ҳам, Ихтиёрнинг ҳам ҳозир ёшлар термасида тўп сураётганлардан кам жойи йўқ ва уларга имконият берилса, албатта ўзларини кўрсата олишади. “Машъал” таркибида 1993 йилда туғилганлардан шунингдек Сирожиддин Раҳматуллаев ҳам борлигини унутмайлик. Тарбияласа келажакда ундан ҳам ажойиб футболчи чиқади.
1995 йилда туғилган Элдор Шомуродов, 1996 йилда туғилган Отабек Шукуров билан Шоҳжаҳон Аббосов тез-тез ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасига таклиф этиб турилмоқда. Туркияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига борган сари кам фурсат қолаётган бир пайтда Аҳмаджон Мусаев Ихтиёр Тошпўлатов, Жаҳонгир Абдумўминов ва Искандар Шайқуловга яна бир карра имконият берса чакки бўлмасди. Зеро, ҳар уччала футболчи ҳам “Машъал”нинг ўз тарбияланувчилари ҳисобланади ва жаҳон чемпионатига шу ўйинчиларнинг боришини барча муборакликлар хоҳлашмоқда.