Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Артур Геворкян: «Ғалабага лойиқ ўйин намойиш этдик»

Баҳо:
+ | -

9-турнинг энг марказий учрашуви Қаршида “Насаф” ва “Локомотив” ўртасидаги баҳс бўлди. Чемпионатда пешқадамлик қилаётган темирйўлчилар дастлабки мағлубиятини тан олдилар. Мавсумни бироз омадсиз бошлашган бўлишига қарамай Рўзиқул Бердиев шогирдлари ўз ўйинларини топиб олдилар. Улар “Локомотив”га муносиб қаршилик кўрсатиб муҳим уч очкони қўлга киритишди. Учрашув қаҳрамони “Насаф”нинг туркманистонлик легионери Артур Геворкян бўлди. У темирйўлчилар дарвозасини икки бор ишғол этган ҳолда дублга эришиб,жамоасига ғалаба келтирди. “Насаф” ҳамда “Локомотив” жамоалари ўртасида кечган қизиқарли учрашувдан сўнг Геворкян билан суҳбатлашдик.

— Артур, чемпионат пешқадами билан бўлган баҳсда ғалаба қозондинглар. Ўйин тўғрисида қандай фикрдасиз?
— Мухлислар муросасиз баҳсга гувоҳ бўлдилар. Ўйин суръати юқори бўлди ва беллашув жуда қизиқарли ўтди. Кимки мана шу ўйинни кўргани стадионга кирмаган бўлмаса афсусланиши табиий.

— “Локомотив”ни ниманинг ҳисобига мағлубиятга учрата олдинглар?
— Пешқадамга қарши учрашувга алохида тайёргарлик кўргандик, деб айта олмайман. Биз барча ўйинга бир хил мақсадда тайёрланамиз. Масалан, бундан аввал “Пахтакор”га қарши ҳам яхши ҳозирлик кўргандик. Бу ўйинда ютишимиз ёки дуранг натижаси қайд этишимиз ҳам мумкин эди. Аммо мағлубиятга учрадик. Шу боис ўз майдонимизда “Локомотив”дан уч очко олишимиз керак эди. Ушбу баҳсда характер кўрсата олдик. Шунингдек, омад ҳам бизнинг тарафда бўлди. Умуман олганда биз ғалабага лойиқ ўйин намойиш этдик. Албатта, ғалаба осонликча қўлга киритилгани йўқ. Биринчи бўлиб гол урган бўлсакда, темирйўлчилар иккинчи бўлим бошида ҳисобни тенглаштиришди. Иккинчи таймда жуда кўплаб имкониятларга эга бўлиб,фойдалана олмадик. Шунга қарамай, учрашув охирида омадимиз чопиб,иккинчи тўпни киритдик.
 
— Темирйўлчиларга шу куни нима етишмади деб ўйлайсиз?
— Рақиб кучли эди ва бежизга турнир жадвалида пешқадамлик қилмаётганди. Темирйўлчилар тартибли ўйин кўрсатишди. Жамоа сафида тажрибали футболчилар кўп. Шунинг учун ғалабага осонликча эришганимиз йўқ.
 
— Учрашувда дублга эришиб ўйин қаҳрамони бўлдингиз. Павел Бугало дарвозасига иккита тўп киритаман деб ўйламаганмидингиз?
— Ўйиндан олдин бугун иккита гол ураман деб “настрой” қилмагандим. Жамоадошларимнинг фаолиги эвазига ва уларнинг ёрдами билан иккита тўп киритдим. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Биринчи голни жарима зарбасидан урдим. Ўша вазиятда тепган тўпим дарвозадан жой олишини ҳис қилмагандим. Лекин гол бўлишини ўйлаб зарбани аниқ амалга оширгандим.
 
— Бу “Насаф”ни ҳозиргача кўрсатган энг яхши ўйини деб ҳисоблайсизми?
— Айни пайтда тўғри йўлдан кетаётганимизни яна бир бор исботладик. Қолаверса, ўзимиз хоҳлаган ўйинни намойиш этяпмиз. Бироқ ҳали мавсум узоқ ва олдинда учрашувлар кўп. Ўйлайманки, мана шундай ўйнашда давом этамиз.
 
— Ўтган турда “Пахтакор”дан олинган мағлубиятни қандай изоҳлайсиз?
— Ўша учрашувда жуда яхши ўйин кўрсатиб мағлубиятга учрадик. Бунинг сабаби эса вазиятлардан унумли фойдалана олмаганимиз бўлди. Гол урмасдан эса ғалаба қозониб бўлмайди. “Локомотив” билан бўлган учрашувда ҳам кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Лекин бу вазиятларнинг фақат иккитасидан фойдалана олдик холос. Асосийси ғалаба қозониб,керакли уч очкони қўлга кирита олдик. Бундан раҳбарият ҳам, мухлислар ҳам хурсанд бўлишди.
 
— “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Пахтакор” каби етакчилар билан ўйнаб бўлдинглар. Бу жамоалардан қайси бирини алоҳида кўрсатган бўлардингиз?
— Тўғрисини айтсам, бу жамоаларни алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин. Турнир жадвалидаги ҳолат жамоаларнинг кучи қандай эканлигини айтиб турибди. “Бунёдкор” бир неча йиллардан бери шаклланган ва етакчи ижрочиларга эга бўлган жамоадир. “Локомотив” эса ўз-ўзидан пешқадамлик қилаётгани йўқ. Бу жамоанинг ҳам ҳир бир чизиғи кучли ва таркибга маҳоратли ўйинчилар йиғилган. Шунингдек, “Пахтакор”ни ҳам унутмаслик керак. “Шерлар” сафида ёшлар кўп ва улар ўзларини кўрсатишмоқда. “Насаф” ҳам бу жамоалардан қолишаётгани йўқ. Насиб қилса, биз ҳам совринли ўринлар учун охиригача курашамиз.
 
— Етакчиларни очко йўқотиши чемпионат қизиқарли ўтишини таъминлайди. Шундай эмасми?
— Биз бугун “Локомотив”ни ютган бўлсак, ўтган турда “Пахтакор”га имкониятни бой бергандик. Пахтакорчилар эса ўз майдонида “Локо”га мағлуб бўлишганди. Футболда нима бўлишини олдиндан айтиш қийин. Албатта, бундай ўйинлар мухлислар учун қизиқарли ва чемпионат савиясини ошишини таъминлайди.

— “Насаф”да учинчи мавсумни ўтказяпсиз ва шундан бери жамоадан иқтидорли ўйинчилар етишиб чиқмоқда. Ёшлар ҳақида нима дейсиз?
— Жамоамизда иқтидорли ўйинчилар кўп ва улар “Насаф”нинг келажагидир. Бунга Шохруҳ Гадоев яққол мисолдир. Айни пайтда у терма жамоада ўйнашга лойиқ эканлигини исботламоқда. Шунингдек, ёш посбонимиз Элдор Суюновни айтиб ўтиш жоиз. У сўнгги пайтларда барқарор ўйин намойиш этяпти. Бундай ёшларнинг кўпайиши ўзбек футболининг келажи учун ҳам фойдалидир.
 
— “Бунёдкор” ОЧЛнинг нимчорак финалида Таиланд клуби томонидан тўхтатилишини кутмаганмидингиз?
— Очиғи, бундай бўлади деб ўйламагандим. Чемпионлар лигасида “Бунёдкор” учун мухлислик қилаётгандим. Афсуски, жамоа курашни узоқ давом эттира олмади. Таиланддаги биринчи учрашувда “қалдирғочлар” тўп ўтказмасликлари керак эди. Ўшанда “Бунёдкор”га осон бўларди. Тўғри, Таиландда ўйнаш осон эмас. У ерда намлик юқори ва илгари мен ҳам бундай шароитда тўп сурганман. Лекин бу футбол.

Бобурбек ТУРСУНОВ суҳбатлашди.

Манба: www.fcnasaf.uz
Киритилди: 11:37, 30.05.2013.
Ўқилди: 3215 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.