"Локомотив" - "Қизилқум" учрашувидан кейин матбуот анжуманининг иккинчи қисмида темирйўлчилар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов иштирок этди.
— Ўйин бошланган пайтда ҳаво иссиқ эди. Бундай ҳавода ўйнай қийин бўлди. Шунинг учун ўйин темпи юқори бўлди. Футболчиларимизда маҳорат юқори экани билиниб турди. Лекин улар тўлиқ маҳоратларини кўрсата олишмади. Кутилмаганда гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда эса футболчиларнинг юқори маҳорати эвазига ғалаба қозондик.
— Санжар Турсунов бугун асосий таркибда ўйнамади, бунинг боиси нимада?
— У Қаршидаги ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди. Турсунов формасини тиклаб бормоқда. Бугун Санжарга дам олиш имконини бериб, терма жамоанинг бошқа бир аъзоси Жасур Ҳасановга имкон беришга қарор қилдим. Турсунов захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтирди.
— Павел Бугалонинг оддий вазиятда гол ўтказиб юборди. Иккинчи даврада жамоага яна бошқа дарвозабон таклиф этилади?
— Павелнинг маҳоратига шубҳа қилмайман. У жамоанинг етакчиси ва сардори. Шунга қарамай, унинг ўрнига муносиб номзод тайёрлаб боришимиз керак. Бу борада ҳам ўйлаяпмиз.
— Интернетда Николья Анельканинг "Локомотив"га келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди...
— Ҳа, интернетга кириб тураман. Очиғини айтсам, бу борада хабарлар қаердан пайдо бўлганини билмайман. Анелька 34 ёшли футболчи. Ўзимизда ҳам ёши катта футболчилар етарли. Николья юқори савиядаги футболчи ҳисобланади. Бизнинг молиявий имкониятларимиз уни олиб келиб ўйнатишга имкон бермайди.