“Шўртан” – “Бухоро” баҳсидан кейин ўз фикрларини билдириб ўтган мезбонлар мураббийи Зоир Тўрақулов бухороликлар ҳамиша ноқулай рақиб бўлиб келишганини таъкидлади.
Зоир Тўрақулов (“Шўртан”да бош мураббий вазифасини бажарувчи):
— “Бухоро” “Шўртан” учун доим ноқулай рақиб бўлиб келган. Улар тўп билан яхши муомала қилишди ва қисқа тўп узатишларни яхши амалга оширишди. Ҳар иккала жамоа ҳам дурангга лойиқ кўрсатганди, аммо белгиланган пенальти туфайли ютқазиб қўйдик. Аввалги учрашувларда бўлгани каби бугун ҳам ёшлардан Бобур Тўраевга ишонч билдиргандим, лекин у ўйинга қўшилиб кета олмади. Натижада алмаштиришга тўғри келди.
— Бухороликлар гол уриб олгач, вақтни чўзишга ҳаракат қилишди. Сиз бунга қандай қарайсиз?
— Жамоа 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгач, кўпчилик шундай ўйнашга ҳаракат қилади. Бугун “Бухоро” ҳам шундай йўл тутди. Тўғри, арабча футбол бизнинг мухлисларга ёқмайди, аммо иккинчи томондан ҳозир жамоалар натижага эришиш учун турли йўллардан фойдаланишмоқда.
— Энди 20 июнгача олий лигада танаффус юзага келади. Шундан сўнг биринчи давранинг қолган уч ўйини давом эттирилади. Шу беллашувларда жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кета оласизми?
— Албатта, ҳаммамиз бор кучимиз билан шунга ҳаракат қиламиз. Ҳозир футболчиларга тўрт-беш кун дам беришни мўлжаллаб турибмиз. Шундан сўнг яна машғулотларни давом эттирамиз.