Мадриднинг «Атлетико» клуби аргентиналик ҳужумчиси Хулиан Альварес 2024/2025 йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичининг жавоб баҳсида «Реал»га қарши ўйинда пенальти зарбаси пайтида тўпга иккинчи тегинишни сезмаганини маълум қилди. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Педро Фульяно El Larguero эфирида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 11 метрлик зарба пайтида Альварес бироз сирпанди ҳамда ўнг оёғи билан зарба беришдан олдин чап оёғи билан сезилар-сезилмас тўпга тегинди. Тўп дарвозага кирди, бироқ VARда ишлаган мутахассислар аргентиналик футболчининг тўпга икки марта теггани аниқлашди. Бу эса қоидабузарлик сифатида баҳоланди.
Шу тариқа, икки ўйин натижаларига кўра, «Реал» Чемпионлар Лигаси чорак финалига йўл олди ва у ерда «Арсенал» билан тўқнаш келади.
25 ёшли Альварес ўтган ёзда «Манчестер Сити»дан «Атлетико»га ўтган эди. Жорий мавсумда у барча турнирларда 43 та ўйинда иштирок этиб, 22 та гол ва 5 та голли узатма амалга оширди. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг тахминий бозор баҳоси 80 миллион еврони ташкил қилади.