Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги рақиби Уругвай аллақачон тайёргарликни бошлаб юборган. Жанубий америкаликлар бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишмоқда. Кеча Associated Press`га асосланиб, el Nuevo Herald нашри рақибимиз ҳақида шу ва бошқа маълумотларни бериб ўтди.
Январь ойида Аргентина мезбонлигида ўтган Жанубий Америка чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритган Уругвай ёшлари Туркия-2013да қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишганди. Бош мураббий Жон Верзери (Juan Verzeri) якуний таркибни аниқлаб олишда бир қатор муаммоларга дуч келди. "Национал" ҳужумчиси Цезар Ренатонинг таркибга кириши сўнгги дақиқаларгача сўроқ остида турган бўлса, асосий футболчилардан бири Фабрисио Формилиано ўнг оёғидан жароҳат олиб турнирни ўтказиб юборадиган бўлди. Устига-устак у яқинда тирсагидан ҳам жароҳат олган, лекин соғайишга улгурган эди.
Жаҳон чемпионатининг муҳим ўйинлари олдидан Уругвай бир қатор ўртоқлик учрашувларида иштирок этмоқда. Аввал Парагвай билан ўйинда майдонга тушиб 2:0 ҳисобида устун келган уругвайли ёшлар кейинроқ Ироқ билан ҳам куч синашдилар. Бу учрашувда эса ҳисоб очилмади. Бугун эса Сальвадор билан ўйин ўтказишди. Шунингдек, режага кўра якшанба куни Бурса шаҳрига жойлашишади ва Англия ёшлар терма жамоасига ҳам қарши майдонга тушишади. Ва шундан сўнг гуруҳ босқичининг илк турида Хорватияга қарши ўйинни кутадилар.
Уругвайликлар мусобақани "F" гуруҳида Хорватия, Ўзбекистон ва Янги Зеландия термаларига қарши ўйинлар билан бошлашади. Жамоа истиқомат қиладиган шаҳар Бурса, аммо 3-турда Анталияга сафар қиладилар. Тақвимга кўра, Уругвай 23 июнда Хорватия, 26-да Янги Зеландия ва 29-да Ўзбекистон термалари билан ўйнашади.
Бу ёш тоифасидаги Жаҳон чемпионати Уругвай учун ўн иккинчиси, кетма-кет ҳисобда эса тўртинчиси бўлади. Терманинг энг яхши иштироки 1997 йилги Малайзияда ўтган ЖЧга тўғри келади. Ўшанда жамоа финалда Жанубий Американинг бошқа термаси - Уругвайга 2:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Шунингдек, Уругвай ёшлари 1979 йил Японияда учинчи ўрин, 1977 йил Тунисда тўртинчи ўринни эгаллашган.
Ҳозирги терма бош мураббийи Верзери яхшироқ натижа учун ҳаракат қилмоқда, чунки охирги Колумбия-2011да Уругвай ҳаттоки гуруҳдан ҳам чиқолмаганди. Бу сафарги мундиалда Аргентина ва Бразилияга рўбаро келмаслиги сабаб юқорироқ натижага умид қилишмоқда.
Таркибда ёрқин ўйинчилар етарли. Тезкор "Рома" ҳужумчиси Николас Лопес, майдонни жуда яхши кўра оладиган энг яхши ҳимоячи Жорж де Арраскета, "Бордо"нинг қанотларда ўйновчи ва бўш зоналарни яратувчи ажойиб ҳужумчиси Диего Ролан ва бошқа тажрибали футболчилар яхши жамоавий ўйин атрофида бирлашишган.
Туркия-2013 учун Уругвай U20 таркиби:
Дарвозабонлар: Матиас Куберо, Гильермо де Аморес, Вашингтон Агуэрре.
Ҳимоячилар: Эмилиано Веласкес, Гастон Сильва, Гильермо Варела, Амондараин Максимилиан, Люк Олаза, Жанни Родригес, Хосе Хименес.
Ярим ҳимоячилар: Жим Варела, Леонардо Паис, Себастьян Христофор, Жеорж де Арраскета, Лахалт Диего, Федерико Жино Асеведо.
Ҳужумчилар: Диего Ролан, Николя Лопез, Гонсало Буэно, Рубен Бетанкур, Филип Авенатти.