Кириш Регистрация

«Насаф» Ўзбекистон кубоги ярим финал масаласини деярли ҳал қилди

Баҳо:
+ | -

Бугун Ўзбекистон Кубоги чорак финали дастлабки учрашувларини “Нефтчи” ва “Насаф” жамоалари бошлаб беришди. Фарғонада кечган жуда қизиқарли учрашувда “Насаф” жамоаси сафарда ўйнаб, ишончли ғалабани қўлга киритди.

Учрашувнинг илк дақиқаларидан “Насаф” футболчилари олдинга ташланишди. Ана шундай рейдларнинг бирида, яъни учрашувнинг 3-дақиқасида Артур Геворкяннинг ўнг қанотдан жарима майдончасига узатиб берган тўпини Зоҳид Абдуллаев дарвозага аниқ йўллади - 0:1. Зоҳиднинг “Насаф” сафидаги бу йилги фаолиятида мухлислар кутган голурарлиги сезилмай қолган эди, лекин унинг характерини муҳим бир жиҳати шундан иборатки, у муҳим ўйинларда жамоасининг ғалабасига доимо ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келган, бугун айнан шундай бўлди. Мухлислар Зоҳиднинг гол уришини кутишаётган эдилар, у бугун буни уддалади.

Шундан сўнг майдон эгалари ҳам ўртадаги ҳисобни тенглаштириш учун ҳужумларга зўр беришди. Аммо меҳмонларнинг тезкорлик билан қарши ҳужумларга ўтишини улар қуполликлар эвазига тўхтатишга ҳаракат қилдилар, натижада биринчи бўлимнинг ўзидаёқ майдон эгаларининг икки вакили ҳакам томонидан огоҳлантириш олди.

Иккинчи бўлим бошларида “Нефтчи” аъзолари “Насаф” дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятларни юзага келтиришди, бу вақтда жамоамиз ҳимоячиларидан Мақсуд Каримов ва Ҳамза Каримовлар хавфни бартараф этишда жонбозлик кўрсатишди. Иккинчи бўлим ўрталарига келиб, майдон эгалари ҳужумларни яна кучайтиришди. Шуни эътиборга олиб, Рўзиқул Бердиев ҳужумчи Зоҳид Абдуллаевнинг ўрнига Суҳроб Неъматовни майдонга туширди. 70-дақиқаларга келиб майдон эгаларининг навбатдаги ҳужуми жуда кескин тус олди, Отабек Исроиловнинг кучли зарбасини Элдорбек Суюнов қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Иккинчи бўлимда ҳужумчи Зоҳид Абдуллаевни алмаштирган ярим химоячимиз Суҳроб Неъматов 77-дақиқада рақиблар дарвозасига иккинчи голни киритди. Ушбу гол ўйиндаги сўнгги гол сифатида қайд этилди. Иккинчи голдан кейин майдон эгалари тақдирга тан беришди шекилли уларнинг ҳаракати анча сусайиб қолди.

Шундай қилиб, Рўзиқул Бердиев шогирдлари Ўзбекистон Кубогининг чорак финали дастлабки учрашувини сафарда ўтказишларига қарамасдан “Нефтчи” жамоаси устидан ишончли ғалабани қўлга киритишди ва кейинги босқич сари муҳим қадам ташлашди. Ғалаба муборак бўлсин азиз “Насаф” мухлислари!

Ўзбекистон Кубоги, чорак финал, дастлабки учрашуви
“Нефтчи” (Фарғона) – “Насаф” (Қарши) 0:2 (0:1)
Голлар: Зоҳид Абдуллаев 3 - 0:1, Сухроб Неъматов 77-0:2,
“Нефтчи”: 21.Фаррух Турдалиев, 3.Шукурали Пўлатов, 5.Иқбол Бобохонов (Дилёрбек Эрматов 86), 6.Бахтиёр Ёқубов 7.Мансуржон Саидов, 17.Сардор Мирзаев, 19. Шерзод Хакимов (Отабек Исроилов 55), 22.Иқболжон Акрамов (Ғайрат Жумаев 63), 23.Санжар Асқаралиев, 44.Шавкат Насибуллаев, 45.Муҳсин Низомиддинов.
“Насаф”: 25.Элдорбек Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 5.Ботир Қораев, 9.Илҳом Шомуродов, 15.Зоҳид Абдуллаев (Сухроб Неъматов 67), 17.Артур Геворкян (Лазиз Убайдуллаев 78), 20.Эркин Бойдуллаев, 27.Илҳом Юнусов, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев (Шерзод Аъзамов 71), 32.Ҳамза Каримов, 34.Фаррух Сайфиев.
Огоҳлантиришлар: Иқбол Бобохонов 10, Муҳсин Низомиддинов 18, Артур Геворкян 18, Санжар Асқаралиев 53, Эркин Бойдуллаев 59, Шуҳрат Муҳаммадиев 68,

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 20:39, 14.06.2013.
Ўқилди: 5220 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.