Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қалбдаги шамлар

Баҳо:
+5 | -

Шу пайтга қадар футбол ҳақида бир неча мақолаларни мухлислар эътиборига ҳавола қилган бўлсам-да, ҳеч қачон танқидий йўналишда мақола ёзмагандим.  Ўзбекистон ва Жанубий Кореа ўйинидан кейин тушиниб етдимки, минбарга чиқдингми, хоҳ кичик аудитория бўлсин, хоҳ катта аудитория бўлсин доим жиддий мавзуни кўтариб чиқиш керак. Шундагина бошқаларнинг мен учун ажратган қимматли  вақти ва эътиборини оқлаган бўламан.

Ўйламанг, мен миллий терма жамоа ҳақида гапирмоқчи эмасман. Шундоғам жамоамизнинг ўйини мутахасислар ва мухлислар томонидан кўп бора таҳлил қилинди, қилинмоқда ва бу ҳол ҳали давом этади. Чунки узоқ йўлни босиб ўтган карвон ҳали  манзилига етганича йўқ. Олдимизда Қатарга қарши ҳал қилувчи ўйин турибди. Биз ишонч, ҳавотир, ҳадик... Хуллас, ифода этилиши анча мураккаб туйғулар исканжасида ушбу муҳим ўйинни кутяпмиз.

Шу сабабли ҳам сиз мухлисларни бироз тинчлантириш, чалғитиш мақсадида футбол ичидаги эмас, футбол атрофидаги айрим муаммоларимиз юзасидан мулоҳазага чорлашни ният қилдим.  Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўйини тугагач, бир қатор мухлисларнинг ўйинга дахлдор бўлмаган айрим эътирозлари диққатимни тортибгина қолмай, яқин ўтмишдаги ширин хотираларни эсга солди. Чунки бу муаммолар ҳақида  аввалроқ ёзишни ният қилиб юргандим.

Ширин хотиралар
Барчамизга малумки, 2011 йил Мексикада ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпонатида Ўзбекистон ўсмирлар  терма жамоаси ҳам муносиб қатнашганди. Терма жамоамиз иштирокидаги ўйинлар бизнинг вақтимиз билан ярим тундан ошган пайтга тўғри келарди.  Бу эса айрим мухлисларда бўлгани каби қишлоғимиздаги футболга қизиқувчилар учун навбатдаги муаммони келтириб чиқарган. Сабаби куннинг бу қисмига келиб қишлоғимиз элекр токидан бутунлай узиб қўйиларди. Жуда кўп муҳим ўйинларни шу сабаб тўлиқ ёки умуман кўролмаганмиз. Мексикадаги жаҳон чемпионати сабаб электр токи ишлаб чиқарувчи ускуна (движок) сотиб олиб, муаммони ҳал қилгандик ўшанда... Терма жамоамиз ўйнайдиган кунлари унчалик катта бўлмаган айвонимизга камида йигирма киши йиғиларди. Маҳалладошлар, қўни-қўшнилар, футбол мухлислари ўйин олдидан ва ўйиндан кейин турли муҳокамалар билдиришарди. Агар бизникилар гол урсаку тасаввур қилаверинг, ўша юқорида айтиб ўтган кичик айвонимиз Монтерей ёки Торреон стадионларидан чиройлироқ ва хашаматлироқ кўриниб кетарди кўзимга... Мен бундай шароитда футбол кўрганимни айтишга уялмайман. Аввало футболга бўлган меҳрим сабаб ҳар қандай шароитда ўйин кўришга тайёрман, қолаверса бундай шароитда футбол томоша қилаётган фақат бир мен эмас эканман.

Минбар
Англаганингиздек, бугун минбарда шулар хусусида гапирмоқчиман. Электр токининг узиб қўйилиши нафақат қишлоқ ҳудудлари балки, айрим шахар ҳудудлари учун ҳам янгилик эмас. Хўш, буни қандай сабаб билан изоҳлаш мумкин?

Кўпчилик буни ҳукумат сиёсатига тақашади. Ўзбекистонда охирги йиллар давомида футболни ривожлантириш борасида қанчадан-қанча қарорлар қабул қилинди. Бошқа давлатларда бўлмаган ижобий ўзгаришлар айнан бизнинг юртимизда  бўлмоқда. Нафақат эркаклар, балки аёллар ўртасида ҳам турли ёшда тоифасидаги жамоалар ташкил қилинмоқда. Барча стандартларга эга стадионларимиз кўпаймоқда.  Футбол билан шуғулланиш имконияти  аввалгидек шаҳар болалари учун эмас, балки чекка-чекка қишлоқлардаги болалар учун ҳам туҳфа этиляпти. Умуман олганда давлатимиз томонидан футболни ривожлантириш учун қанча-қанча сармоялар ажратилмоқда.  Булар ким учун? Футболга меҳр берган сизу биздек инсонлар учун эмасми? Шундай экан, ҳаммасини ҳукуматга тўнкаш адолатсизликдир. Балки айбдорни ўзимизни орамиздан қидирармиз?

Афсуски, бугун биз шундай инсонлар тоифаси билан ҳамнафас яшаяпмизки, улар футболга лоқайд. Уларга футболдан кўра кўпроқ қандайдир манфаатлар муҳим. Улар биз каби терма жамоа эртанги ўйинда нима қилар экан деб ҳаяжон билан тунларни бедор ўтказмайди. Футболга лоқайдлиги етмаганидек кўплаб мухлисларинг  энг қувончли, энг ҳаяжонли лаҳзаларини кушандасига айланади. Ва энг ёмони, улар ўз номлари билан эмас ҳукумат номи билан иш  юритиши ачинарли ҳолатдир. Ўзбек мухлиси бугун ана шундай инсонлар сабаб жонли футболдан баҳраманд бўлолмаяпти. Шу тоифа одамлар сабаб қоронғуда радиойўқламалар эшитиш билан ўзини овутяпти. Шу тоифа одамлар сабаб бугун меҳрингиз тушган футбол газеталари орадан кўп ўтмай  нашр қилинишдан тўхтатилади.  Шу каби инсонлар сабаб калтакланса ҳам  ўзбек мухлиси стадионда ўз суюклиларини қўллаб қувватламоқда...

Мен матбуот орқали бундай инсонларга уруш очмоқчи эмасман. Шунчаки, ҳар қандай ҳолатда мухлисларни жипслашишга, сабрли бўлишига, футболдан, айниқса мамлакатимиз футболидан меҳрларини аямасликларини сўрамоқчиман холос. Ишонинг, ҳали ёруғ кунларда футбол кўрасиз. Ўзбек мухлиси чироқсиз қолсин майли, лекин қалбидаги шамлар ўчмасин. Чунки ўзбек мухлиси қалбидаги шамлар орқали ҳам футбол кўришга қодирдир...

Дилшодбек Жуманиёзов
(VIQOR никли мухлис)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:40, 15.06.2013.
Ўқилди: 6031 марта.
Фикрлар: 29 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.