Австралия учрашувни бир ҳафта аввал Иорданияни 4:0 ҳисоби билан мағлуб этган асосий таркибда ўзгартиришлар киритмаган Холгер Осиек Япония ортидан Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. "Соккеруз" ушбу ютуқни 80минг мухлиси кўз ўнгида тантана қилди.
Ўйин кутилганидан Австралия терма жамоаси устунлигида ўтди. 3-дақиқада мезбонларнинг икки футболчиси рақиб жарима майдончасига кириб борди. Дарвозага йўлланган зарбадан сўнг Ироқ посбони Нур Сабри ажойиб сейф намойиш этиб хавфни бартараф этди. Шундан сўнг амалга оширилган бурчак тўпи ҳам самара келтирмади. Бироз ўтиб Австралия деярли бир нуқтадан икки марта жарима зарбасини амалга оширди. Ҳар икки сафар ҳам Ироқ ҳимоячилари ишончли ўйнашди. 15-дақиқада Лукас Нейл тўпни жарима майдони марказида турган Саша Огненовскига узатди. Ҳимоячининг бош билан берган зарбаси дарвозадан юқорилаб кетди.
Дастлабки дақиқалардаги ҳужумкорликдан сўнг ўйин сурьати бироз пасайди. Устунлик тўлалигича мезбонлар тарафда бўлсада, зарбалар кўп бўлмади. Сабаби Ироқ терма жамоаси яхши ҳимоялана олди. 28-дақиқада Бретт Холманнинг жарима майдонига ёриб киришидан сўнг Австралия бурчакдан тўп тепадиган бўлди. Жарима майдонига оширилган тўпни Тим Кейхилл яқин масофадан зарба йўллаб, тўғри дарвозабонни мўлжа олди. 33-дақиқа. Ироқнинг охирига етмай қолган ҳужумидан сўнг мезбонлар тезкор қарши ҳужум уюштиришди. Яна Тим Кейхилл бироз шошган ҳолда зарба берди - анча ноаниқ. Аммо унинг кейинги дақиқадаги уриниши ўта хавфли чиқди. Чап қанотдан жарима майдонига оширилган тўпга чиқишда дарвозабон хатога йўл қўйиб уни қўлидан чиқариб юборди. Фурсатдан фойдаланган ҳужумчининг зарбасига бироз аниқлик етишмади.
Иккинчи тайм бошида Саиф Салмоннинг зарбасидан сўнг Марк Шварцер маҳорат намойиш этди. 53-дақиқа. Том Оар, Бретт Ҳолман ва Тим Кейхилл иштирокидаги ҳужум хавфли кўриниш олди. 58-дақиқа. Марк Брешианонинг узоқдан йўллаган зарбаси дарвозабонга қийинчилик туғдирмади. 62-дақиқа. Том Рожикнинг зарбасидан сўнг тўп тўғри Нур Сабрининг қўлига бориб тушди. Шу тариқа давом этган ўйин сценарийсида охир-оқибат мезбонлар гол киритишга муваффақ бўлдилар. Узоқ кутилган гол 83-дақиқада Ироқ термаси дарвозасидан ўрин олди. Ўнг қанотдан ривожланган ҳужумдан сўнг тўп жарима майдони марказида очиқ турган Жой Кеннедига узатилди. Заҳирадан майдонга тушган футболчига ҳеч ким қаршилик кўрсатмади, натижада унинг бош билан берган зарбаси дарвоза тўридан жой олди.
Шундан сўнг Австралия терма жамоасида яна бир қатор имкониятлар бўлди. Аммо 1:0 ҳисоби учрашув охиригача сақланиб қол. Шу тариқа Австралия гуруҳда 13 очко тўплаган ҳолда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланадиган Уммон-Иордания учрашувида жамоалар фақат "плей-офф" йўлланмаси учун кураш олиб борадиган бўлдилар.
ЖЧ-2014 САРАЛАШ. ОСИЁ. 4-БОСҚИЧ. 10-ТУР. "В" ГУРУҲИ.
АВСТРАЛИЯ - ИРОҚ - 1:0 (0:0)
18.06.2013. Сидней. "ANZ Stadium". 80523 томошабин.
Гол: Жой Кеннеди (83).
Австралия: 1.Марк Шварцер, 8.Лукас Уилькшир, 2.Лукас Нейл (С), 6.Саша Огненовски, 17.Матт МакКей, 10.Робби Круз (7.Арчи Томпсон, 79), 23.Марк Брешиано, 5.Марк Милиган, 11.Том Оар, 14.Бретт Холман (20.Томас Рожик, 61), 4.Тим Кейхилл (9.Жой Кеннеди, 78).
Захира: 3.Райан МакГован, 12.Митчел Лангерак, 13.Жейд Норс, 15.Майл Единак, 16.Жеймс Ҳолланд, 18.Евгени Галекович, 19.Роберт Корнсвейт, 21.Дарио Видошич, 22.Иван Франжич.
Ироқ: 22.Нур Сабри (С), 2.Аҳмад Иброҳим, 3.Али Баҳжад, 4.Халдун Иброҳим, 6.Али Аднан, 8.Саиф Салмон (13.Осама Али, 79), 11.Тариқ Ҳумам (7.Ҳаммади Аҳмад, 75), 16.Каррар Жосим, 19.Дургам Исмоил (14.Халкор Мулла Муҳаммад, 66), 21.Саад Абдул Амир, 23.Волид Салим.
Захира: 1.Жалол Ҳассан, 9.Мустафо Карим, 15.Ҳарди Сеяманд, 18.Амжед Радҳи, 20.Мутана Холид.
Огоҳлантиришлар: Саша Огненовски (69) - Волид Салим (25), Ҳумам Тариқ (72), Али Аднан (85).
Ҳакамлар: Алиризо Фағоний, Ҳассан Камранифар, Ризо Сухандон, Саид Музаффари (барчаси - Эрон).