Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Александр Гейнрих: «Корея ўйинни Эронга сотганига ишонмайман»

Баҳо:
+2 | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида Қатарга қарши 60 дақиқа ўйнаган Александр Гейнрих, эртаси куни Қозоғистонга учиб бориб, Қозоғистон кубогининг чорак финали ўйини доирасида ҳам майдонга тушди ва жамоасининг ярим финалга чиқишига ёрдам берди. Қозоғистоннинг Sports.kz сайти мухбири билан суҳбат мавзуси асосан мана шу икки ўйин ҳақида бўлган.

— Александр, Қозоғистон кубогининг ярим финалига чиққанингиз билан табриклаймиз! Ушбу ўйинда ниманинг эвазига ғалаба қозониш насиб этди?
— Ҳозир бу ҳақида гапириш қийин. Биз ўйин куни Актобега етиб келдик. Биз учун оғир бўлди, жазирама... Жисмоний бардошлилик ва ғалабага бўлган иштиёқ туфайли ғалаба қозондик деб ўйлайман. Биз мухлислар билан тўла жонажон стадионимизда ўйнадик. Шунинг учун ютишимиз шарт эди.

— Сиз икки кунда 2та ўйинда иштирок этдингиз. Парвозни ҳам инобатга олганда, ўйнаш қанчалик оғир бўлди?
— Жуда оғир бўлди. Биз ўйин куни етиб келдик ва мураббий билан маслаҳатлашдик. Владимир Андреевич биздан сўради: "Агар ёрдамимиз керак бўлса, майдонга туша оласизларми?" Биз рози бўлдик. Икки кун кетма-кет ўйнаш жуда оғир бўлди.

— Қозоғистон чемпионатининг навбатдаги тури якшанба куни бўлиб ўтади. Темур билан бирга ўйингача тиклана оласизларми?
— Ўйлайманки, ҳа. Боиси, бизни яхши массаж қилишди (кулади). Биз ванна ва совуқ бассейн қабул қилдик. Икки кундан кейин яхши формада бўламиз, деб ўйлайман.

— Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧга чиқиш имкониятини ҳозир қандай баҳолайсиз?
— Ҳозир имкониятларимиз пасайди. Гуруҳда 2-ўринни олиб, тўғридан-тўғри ЖЧга чиқиш мақсадимиз амалга ошмади. Афсуски, Корея ўз майдонида Эронга ютқазиб қўйди. Лекин ҳали имкониятимиз бор, биз охиригача курашамиз.

— Жанубий Корея эронликларга ўйинни сотгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
— Кореяликларнинг ўйинни сотганига ишонмайман. Мен ўзим Кореяда ўйнаганман, уларнинг менталитетини яхши биламан. Улар ўйинларни сотишмайди. Ўйндан олдин бу икки жамоа мураббийлари ўзаро қанчалик уришганини барча кўрди. Боз устига, биз Қатардан гол ўтказиб юбормай, битта кўпроқ гол урганимизда, Корея Жаҳон чемпионатидан қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Кореяликлар бундай таваккал қилишмаган бўларди, деб ўйлайман.

— Нима учун Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяда керакли натижани қўлга кирита олмади?
— Биз Сеулгача узоқ парвозни амалга оширдик. Кореяга қарши ўйиндан олдин Хитой билан ўртоқлик учрашувини ўтказдик. У ерда Сеулгача Владивосток орқали учишга тўғри келди. Узоқ парвозлар натижага таъсир кўрсатди.

— Ушбу мавсумда сиз 4та голнинг барчасини "Шахтёр" дарвозасига урдингиз. Нима учун бошқа жамоалар дарвозасига гол ура олмаяпсиз?
— (кулади) Билмасам! Назаримда, "Шахтёр" — "менинг" жамоам. Шундай бўлиб чиқмоқда. Мен бошқа жамоалар дарвозасини ҳам ишғол қилишга ҳаракат қиламан. Буни кейинги ўйиндаёқ амалга оширишга умид қиламан.

— Сиз қандай ишни амалга оширасизки, қарағандалик ҳимоячилар сизга нисбатан ҳеч қандай чора қўллай олишмайди. Ёки Александр Мокин — сиз учун қулай дарвозабонми?
— Ҳеч нарса қилмайман, одатдагидек ўйнайман (кулади). Инсон сифатида Мокинга ачинаман. Ҳозирча фақат унга гол уряпман. Нимага бундай бўлаётганини билмайман.

— "Актобе"га Сергей Давидов келиши билан ҳужум чизиғида рақобат кучайди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
— Бу яхши. Қанчалик ўйинчилар кўп бўлса, шунча яхши. Футболчилар янада кўпроқ ва яхшироқ ишлайдилар. Рақобат ҳеч қачон халақит бермаган.

— Сиз Қозоғистон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлишни мақсад қилганмисиз?
— Ҳа, албатта. Барчаси олдинда, ҳали ҳаммага етиб оламан.

— Якшанба куни "Актобе" ўз майдонида "Астана"ни қабул қилади. Жамоа пойтахтликларни мағлуб этиб, орадаги фарқни 5 очкога етказиб олишни режалаштирганми?
— Агар чемпион бўлишни истасак, биз уларни мағлуб этишимиз шарт. Биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

Манба: www.sports.kz
Киритилди: 09:07, 22.06.2013.
Ўқилди: 9226 марта.
Фикрлар: 40 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.