«Насаф» таркибида ягона легионер сифатида фаолият юритаётган Артур Геворкян бу йилги учрашувларда жамоа сардори сифатида майдонга тушмоқда. Унинг майдондаги хатти-ҳаракатлари ҳам ҳақиқий сардорликка хос тарзида яққол намоён бўлмоқда. У учрашувларда кўплаб ҳужумларни ташкил этиб, баъзан голлар киритиб, жамоанинг ютуқларига муносиб ҳиссаcини қўшмоқда.
Гўёки, энди жамоани Артурсиз тасаввур қилиш қийиндек. «Насаф» эртага ўз майдонида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасини Ўзбекистон кубоги 1/4 финали жавоб учрашувида қабул қилади. Қаршиликлар ўз майдонларида дуранг ёки ғалабани таъминлашса, муддатидан аввал (бошқа иштирокчиларга нисбатан) бу йилги кубок мусобақасининг ярим финали иштирокчисига айланади. «Насаф»нинг ярим финалдаги рақиби, мусобақа сеткасига биноан «Пахтакор»/«Гулистон» жуфтлиги ғолиби бўлади.
Биз, Артур Геворкяннинг бу йилги мавсумдаги статистикасини назардан ўтказдик. Артур жорий йилдаги мусобақаларда (чемпионат ва кубок ўйинлари билан бирга) ўзининг илк голини 4-турда «Шўртан»га қарши бўлган учрашувда киритган ва у жами 5та гол уришга муваффақ бўлди. «Насаф»нинг кўпгина голлари айнан унинг паслари орқали киритилмоқда. У ҳозиргача бир марта ҳакам томонидан огоҳлантириш олган, у ҳам бўлса, кубок мусобақаси 1/4 финали дастлабки учрашувида «Нефтчи»га қарши ўйинда содир бўлган. Артур Геворкян 9-турда Тошкентнинг «Локомотив» жамоасига қарши кечган учрашувнинг ҳақиқий қаҳрамони бўлди, у ушбу учрашувда дубл қайд этиб, муҳим учрашувдаги жамоамизнинг ғалабасига жуда катта ҳиссасини қўшган эди. Шунингдек, Артур мамлакатимизда май ойининг энг яхши ўйинчиси сифатида ҳам эътироф этилди.
Мухлисларнинг Артур Геворкяндан умидлари катта, у ўзининг етакчилик хусусиятини жамоада бундан ҳам юқори даражада намоён этади. Барча мухлислар номидан Артурга каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламиз!
Эртага Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионда жамоамиз Ўзбекистон кубоги 1/4 финали жавоб учрашувини «Нефтчи» жамоасига қарши ўтказади, учрашув кеч соат 19:30да бошланади. Биз мухлислар эса жамоамизнинг ғалабаси учун бевосита стадионга ташриф буюриб, «Насаф»нинг мисли 12-ўйинчиси сифатида қўллаб-қувватлаймиз.