Ассалому алайкум, 18 июндан бери тунлари яхши ухлаёлмаётган менинг ватандошларим.
Ҳа, биз кутган сана, биз кутган ҳаяжонли онларни олиб келмади. Ҳа, биз гуруҳда бугун учинчи бўлдик (аслида ҳатто биринчи ҳам бўлишимиз мумкин эди). Ҳа, бугун мухлисларимиз футболдан гўё совугандек. Ҳа, бугун ҳатто футболга оид сайтларда ҳам одам сийрак, чунки...
Сабабини ўзингиз ҳам биласиз, йўқ-йўқ мен ҳамманинг янгигина ярасига туз сепиш учун эмас, ўша ярага малҳам қўйиш учун бу мақоламни пессимист мухлисларимизга тақдим этмоқчиман холос. Тўғри, ҳозирги атмосферамизга ҳавас қилиб бўлмайди, чунки бизни олдинда қийин тўсиқлар кутиб турибди. Лекин зимдан назар соладиган бўлсак, шу тўсиқлар ортида Бразилия яшил майдонлари кўриниб турибди. Йўқ-йўқ азизларим, жаҳлингиз чиқмасин юракни кенг қилиб, умид кўзлари билан тўсиқлар ортига қаранг. Қаранг-қаранг, ана сиз ҳам кўрдингиз адашмасам.
Тўғри биз ҳали сўнгги йилларда Аднан Ҳамад бошчилигида анчайин шаклланган Иордания билан иккита оғир ўйинни ўтказишимиз керак. Ундан сўнг (Аллоҳ насиб қилсин) Жанубий Америка соҳилларида матонат кўрсатишимиз керак. Азизларим, бу гаплар шунчаки хом-хаёл бўлиб туюлиши мумкин, лекин бунга биз мухлислар ишонмасак, ўзимизни ўзимиз ишонтира олмасак, қандай қилиб, нари-бериси билан 10-15 кишилик терма жамоа ўттиз миллион қора кўзни ишонтира олади ҳозир? Биз ҳар доимгиданда термамизга керакмиз шу топда. Уларга танқид тошларини аёвсиз отгандан кўра, уларнинг кўнглини кўтарсак, чамамда кўпроқ ўзимиз учун наф бўларди. Майли, тушунаман, ҳозир мени ўқиётган мухлисларнинг аксари бу баландпарвоз гаплардан иборат, футболни чуқур тушунмайдиган мақтанчоқнинг мулоҳазалари кимга керак, дея мийиғида кулиб қўйишмоқда.
Келинг, ўша 18 июнга қайтамиз. Ҳамкасбимнинг хонасига чиқдим, ўйин бошланаётганди, стадиондаги муҳитни кўриб, тўғриси фахрланиб кетдим. Завқ билан ҳамкасбимга қарасам, у ТВга лоқайд тикилганича ҳиссиз ўтирибди. Тўғриси бироз жаҳлим чиқди. Ўйин авжига чиқди. Бизникилар бирин-кетин голлар уришмоқда. Мен ҳар бир голни бақириб, ҳис-ҳаяжонга берилиб кутиб олаяпман, шеригим эса ТВга эринибгина бир қараб қўяр ва яна “Айфон” телефонига андармон бўлар эди. Тўғриси, бизникиларнинг голларидан руҳланмаганлиги учун дўстимга раҳмим келди, чунки миллатимиз жамоасининг ҳар бир голи келтирадиган адреналин нима эканлигини мени ўқиётганлар яхши билишади. Дўстим эса ҳали ҳам телефони билан овора. Ўйин якунига етди. Биз Эрон билан Кореяни жаҳон чемпионатига ортларидан етиб бориш шарти билан кузатиб қўядиган бўлдик. Ўша пайтдаги аҳволимни тасаввур қилиш, бу жудаям мушкул иш эмас. Ўша куни миллионлаб одамлар мен каби қадрдон нарсасини йўқотгандай карахт аҳволда қолишди. Ҳамкасбим кулганча, ТВни бошқа каналга оларкан, айтдимку, барибир ютқазади деб. Э сени қара-ю, у бу гапни шундай осон айтдики, очиғи, унга ўша пайтда ҳавасим келди.
Хонадан чиқарканман, ҳали анча сиқилишимни сезиб турардим. Кейин, кейин, шу хаёллар мени тинч қўймади. Охири бу хаёллардан қутилишнинг ягона йўли терма жамоамизнинг жаҳон чемпионтига чиқишига ишониш, ишонганда ҳам, умид қилиб, ишониш эканлигини англадим.
Азиз юртдошларим келинг бирга ишонамиз, шундай ишонайликки, худди Японияни жаҳон чемпионатига чиққанини эшитиб, ажабланмаган япон мухлисидай, худди шундай бўлиши керакдай қабул қилайлик. Бу шинчаки термамизнинг жонкуяр ишқибозининг ўз жаҳлини енгиб, ёзган дилдаги гаплари эди. Агар кимнингдир кўнглида умид учқунини чақната олган бўлсам, унда ўз мақсадимга етдим.
Азизларим, ватандошларим, келинг бирлашамиз, ахир биз бир жамоамиз, шуни унутмайлик. Олға ўзбегим, биз сенга ишонамиз ва мухлислик қилишда барибир давом этаверамиз.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев