Ўзбекистонлик ҳужумчи Павел Пуришкин 3 йилдан бери Қозоғистон чемпионатининг биринчи лигасида тўп суриб келмоқда. "Пахтакор" клуби тарбияланувчиси аввалги 2 йил давомида "Ак Булак" жамоасини шарафини ҳимоя қилган бўлса, ушбу мавсумда у Семейнинг "Спартак" клубида ўйнамоқда. Sports.kz сайти мухбири ҳужумчи билан суҳбатлашишга қарор қилди.
— Павел, айтингчи, футболга қандай кириб келгансиз, ушбу спорт турининг илк сабоқларини қайси футбол мактабида олгансиз?
— Мен "Пахтакор" футбол мактабида шуғулланишни бошлаганман. Ушбу мактаб тизимида 5 йил шуғулланиб, асосий таркибгача етиб борганман. Кейин эса "Шўртан", "Динамо" (Самарқанд) ва "Сўғдиёна" (Жиззах) клубларида ўйнадим. Шундан сўнг Талгарнинг "Ак Булак" клубига ўтиб, у ерда 2 йил ўйнадим. Ушбу мавсумдан бошла "Спартак" клуби шарафини ҳимоя қилмоқдаман.
— Нега айнан футболни танлагансиз? Бундай қарорга келишингизга нима туртки бўлган?
— Менинг акам, шунингдек, бутун оиламиз футболни яхши кўради. Менга ҳам ушбу спорт тури ёқарди. Ўз омадимни синаб кўрдим ва уринишим ёмон чиқмади. Шу тариқа футболга кириб келдим.
— Оилангизда яна футбол билан шуғулланадиганлар борми?
— Акам шуғулланишни бошлагану, аммо кейин ташлаб юборган. Пул ишлаб топиши керак эди, аммо ўша пайтда футбол орқали деярли бунинг иложи йўқ эди. Ҳозир у бизнес билан машғул, фақат мен футболдаман.
— Сиз ҳамиша ҳужумда ўйнаганмисиз? Нима учун бу амплуани танлагансиз?
— Бошида, ҳали кўчада ўйнаб юрганимда, дарвозада турганман. Профессионал равишда шуғулланишни бошлаганимдан кейин ўзаро ўйинларда кўп гол урардим. Шунинг учун мураббий мени ҳужумга қўя бошлаган. Шу тариқа ҳужумчига айландим.
— Катталар жаоасидаги дебют ўйинингизни эслайсизми?
— Албатта. Ўшанда "Шўртан"да ўйнардим. Дебют баҳсимда гол уришга муваффақ бўлганман.
— "Ак Булак"ка қай тарзда ўтгансиз?
— "Ак Булак" Тошкентда йиғин ўтказганида биз бу жамоага қарши назорат ўйинини ўтказгандик. Ўйиндан кейин клуб мураббийлари менга мурожаат қилиб, "Ак Булак"ка ўтишни таклифини билдиришган. Мен ўйлаб ўтирмасдан рози бўлганман. Боиси, ўша пайтда менда Ўзбекистоннинг бошқа клубларидан таклифлар йўқ эди.
— Ушбу мавсумда яна қандай таклифлар бўлди?
— Ҳозир мақтанмоқчи эмасман, аммо ўтган йилги мавсум мен учун омадли кечди. Шундан кейин менга кўплаб таклифлар тушди. Лекин "Спартак" ундан олдинги мавсумнинг ёзидаёқ таклиф билан чиққани учун Семей шаҳри жамоасига розилик бергандим. Қишда кўп жамоалар мени ўз сафларига чорлашди, лекин "Спартак" билан келишувимиз борлиги учун, бошқа таклифларни рад этдим.
— Қозоғистон чемпионатида бир қанча ўзбекистонлик футболчилар тўп суришади. Улар билан гаплашиб турасизми?
— Биринчи лигада ўзбекистонликлар футболчилар борлигини билмайман. "Пахтакор"да эса Александр Гейнрих ва Темур Кападзе билан бирга ўйнаганман. Шунингдек, Улуғбек Бақоевни танийман.
— Қозоғистонда ўзингизни легионер деб ҳисоблайсизми?
— Ростини айтсам, биринчи йили ўзимни хорижлик футболчи деб ҳис қилардим. Ҳозир эса ўз уйимдагидекман. Олма-ота шаҳрида севган қизим яшайди. Шунинг учун дам олиш берилса, мен уйга эмас, Олма-отага бораман.
— Кеча бўлиб ўтган "Гефест"га қарши ўйинда ғалаба қозониш учун "Спартак"ка нима етишмади?
— Менинг самарадорлигим етишмади. Ҳисоб 0:0 бўлиб турганида 2та, 2:0 ҳисобида ютаётганимизда эса менда 1та вазият бўлди. Учинчи голни урганимизда, биз ғалаба қозонардик. Шунингдек, ушбу баҳсда бизнинг асосий икки нафар марказий ҳимоячиларимиз — Алексей Данаев ва Абдували Мўминов ўйнашмади. Бу жойда ўзи учун ноодатий бўлган бошқа футболчилар ўйнашди. Улар ҳам ёмон ўйнашмади. Ва албатта, "Гефест" футболчиларининг характерига ҳам тан бериш керак.
— Ўтган йили сиз Биринчи лигада 15та гол урдингиз. Ушбу натижани такрорлаш ёки янгилаш ниятингиз борми?
— Буни амалга оширишни жуда ҳам истайман. Мен бир ярим ойни ўпкам шамоллаб қолгани учун ўтказиб юборишга мажбур бўлдим. Шунинг учун ҳозир ўйин тонусидан бироз чиқиб қолганман. Аввалги формамни тиклаб олишим керак.
— Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Оғир касалликдан кейин ўйнаш оғир бўляптими?
— Жудаям оғир. Формага кириб олиш учун икки баравар куч билан ишлаш лозим.
— Қозоғистон чемпионати Биринчи лигаси савияси ҳақида нима дея оласиз? Премьер-лигага чиқиш учун қайси жамоалар даъвогар ҳисобланади?
— Юқори лигага чиқиш учун "Окжетпес" ва "Қайсар" кураш олиб боришади. Шунингдек, "Астана-1964" ҳам уларга рақобат кўрсатади. Қозоғистон Биринчи лигаси савияси жуда юқори. Мусобақа йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Қозоғистон Биринчи лигасини Ўзбекистон Биринчи лигаси билан таққослаб бўлмайди.