Бугун футбол бўйича XXII миллий чемпионатимизнинг биринчи давраси сўнгги 13-тури учрашувлари бўлиб ўтади. Гулистон шаҳрида "Гулистон" ва "Насаф" жамоалари ўзаро куч синашишади. Қаршининг "Насаф" футбол клуби мухлислари ҳам ташкилий равишда Қарши шаҳридан Гулистон шаҳрига ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш учун жўнаб кетдилар.
Улар, клуб томонидан ажратилган автобусда Гулистон шаҳрига жўнаб кетишди. Мухлислар клуби раҳбари Ўктам Ўзоқов ва фаол мухлисларимиздан ҳамда сайтимиз жонкуяри Зиёдулла Сафаров мухлислар гуруҳига раҳбарлик қилишади.
Бугун "Насаф" жамоаси олдида жуда муҳим учрашув кутиб турибди. Кейинги турларни жуда кўтаринки руҳда ўтказаётган "Насаф" жамоаси бугунги учрашувда ҳам бор имкониятини ишга солишга тўғри келади. Жамоа икки кундирки Янгиер шаҳрида бўлиб, учрашувга қизғин тайёргарлик кўрди.
Бахтиёр Ашурматов устозлик қилаётган "Гулистон" жамоаси бу йилги чемпионатимиз кашфиёти ҳисобланади. Улар ҳам ўз майдонларида бор маҳоратларини намойиш қилишлари турган гап. Шундан келиб чиқиб, бемалол бугунги учрашувни жуда қизиқарли ўтишини олдиндан айтиш мумкин.
Мухлислар жамоамиздан ғалаба кутишмоқда. Ана шу мақсадда ўз севимлилари ёнида туриш "Насаф" мухлисларининг анъанаси ҳисобланади.
Биз сайтимиз номидан ва жамоамизнинг барча мухлислари номидан "Насаф"га бугунги учрашувда катта зафарлар тилаб қоламиз. Олға "аждарлар"!