Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Мазкур қитъа чемпионатида ўттизга яқин давлатдан 180 нафардан зиёд чарм қўлқоп устаси ғолиблик учун курашга киришган. Улар орасидан 9 нафар ҳамюртларимиз ҳам ўрин эгаллашган.
Эътиборлиси, терма жамоамизнинг аксарият биринчи рақамли спортчилари Қозон шаҳрида ўтказиладиган Универсиада ўйинларида иштирок этиши боис Осиё чемпионатига асосан умидли ёш боксчилар билан йўл олинганлигига қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси саралаш мусобақаларини кетма-кет ғалабалар билан бошлади.
Жумладан, 2011 йилги Осиё чемпионати совриндори Нодирбек Қосимов япониялик Ясухиро Сузукини мағлуб этган бўлса, Улуғбек Холмуродов Саудия Арабистони вакили Ҳасан Холдан устун келди. Бундан ташқари Нодиржон Мирзааҳмедов кореялик Яэ Чан Лини, Ойбек Мамазулунов ҳиндистонлик Жагрул Сингни, Иззатилла Эргашев эса ироқлик Ҳайдар Бани Ламни мағлуб этиб, кейинги босқичга йўлланма олдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 1995 – 2011 йиллар мобайнида бокс бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари 26 бор шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганлар. Бу ҳам ўз навбатида Ўзбек бокс мактабининг Осиё қитъасида тутган ўрни ва мавқеи нечоғлик юқори эканлигидан далолат беради.
Умид қиламизки, ёш боксчиларимиз ҳам ўзларига билдирилган ишончни аъло даражада оқлаб, зафарли одимлаш анъанасини давом эттирадилар.