Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давра сўнгги тур учрашувлари ичида энг марказийи сифатида кўрсатилган «Бунёдкор» ва «Локомотив» жамоалари «Жар» стадионида ўзаро рўбарў келишди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида «Локомотив» футболчилари кўпроқ ҳужумда ҳаракат қилишди. Қанотларда Санжар Турсунов ва Жасур Ҳасанов, марказда эса Акмал Холматов ҳужум чизиғида ҳаракат қилаётган Фарҳод Тожиевни тўп билан таъминлаб туришга ҳаракат қилишди. Бироқ голга тортадиган вазиятлар яратилмади.
Ҳақиқий голга тортадиган вазиятни биринчи бўлиб Виктор Карпенко яратди. Қанотдан оширилган тўпни Виктор боши билан дарвозага йўллади. Нестеров кечга қолганди, лекин тўп ҳам бироз ноаниқ кўриниш олди. 34-дақиқада эса «Бунёдкор» ҳисобни очиши мумкин эди. Қарши ҳужум натижасида Жасур Ҳасанов дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борди. Унинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Олександр Пишчурнинг зарбасини эса дарвоза чизиғи устидан Салим Мустафоев қайтариб юборди.
Учрашув биринчи бўлими тугаши арафасида мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Фарҳод Тожиев жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади. Белгиланган пенальтини эса Пишчур жуда кучли зарба билан Бугало дарвозасига жойлаб қўйди. Биринчи бўлим шу ҳисобда ўз якунига етди.
Иккинчи бўлим бошида энди «Бунёдкор»да вазиятлар кўпроқ содир бўла бошлади. «Локомотив» эса ҳақиқий голга тортадиган вазият 65-дақиқада содир бўлди. Фарҳод Тожиев чамаси 12-14 метрлар масофадан зарба берди. Тўп эса дарвоза устунига тегиб майдонни тарк этди. 71-дақиқада эса энди Игорь Таран ҳисобдаги фарқни иккитага ошириши мумкин эди. Майдонга тушган заҳоти тўпни қабул қилиб олган Сардор Рашидов бир уринишда Таранни Бугало билан яккама-якка вазиятга чиқарди. Бироқ Таран беш метрлар масофадан ноаниқ зарба берди.
78-дақиқада Иван Нагаев дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориши мумкин эди. Бироқ у тўпга улгурган бўлсада уни назорат қилгунига қадар Нестеров тўпни узоқлаштиришга муваффақ бўлди. 83-дақиқада энди «Бунёдкор» дарвозасига пенальти белгиланди. Иван Нагаев жарима майдончаси ичида йиқилди. Вазиятдан бироз узоқроқ турган Эрматов қанот ҳаками Абдуҳамидилло Расуловга қаради. Расулов эса пенальтини кўрсатди. Фарҳод Тожиев эса пенальтини аниқ амалга ошириб ҳисобни тенглаштирди.
Қолган дақиқаларда бошқа гол киритилмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Эрматов яна бир марта пенальти белгилаши мумкин эди. Фозил Мусаевнинг зарбасидан кейин Дилшод Раҳматуллаев тўпни қўли билан ўйнади. Бироқ Эрматов бу вазиятга эътибор қаратмади. Натижада ҳисоб 1:1 кўринишида якунига етди.
ЎзПФЛ. 13-тур
БУНЁДКОР - ЛОКОМОТИВ 1:1 (1:0).
«Жар» стадиони. 4152 томошабин.
Голлар: Олександр Пишчур (44-пенальти) - Фарҳод Тожиев (83-пенальти)
«Бунёдкор»: 1. Игнатий Нестеров, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Хайрулла Каримов, 5. Дилшод Жўраев (18. Фозил Мусаев, 80), 6. Анвар Ғофуров, 8. Жавлон Иброҳимов, 11. Олександр Пишчур, 13. Лутфулла Тўраев (9. Игорь Таран, 64), 16. Артём Филипосян, 19. Жасур Ҳасанов (21. Сардор Рашидов, 71), 33.Олег Зотееев.
«Локомотив»: 1. Павел Бугало, 8. Акмал Холматов (7. Садриддин Абдуллаев, 75), 10. Фарҳод Тожиев, 16. Жасур Ҳасанов (23. Иван Нагаев, 60), 17. Салим Мустафоев (6. Дилшод Раҳматуллаев, 46), 19. Ислом Иномов, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 22. Шерзод Шарипов, 29. Виктор Карпенко, 30. Дилшод Жабборов, 77. Санжар Турсунов.
Огоҳлантиришлар: Фарҳод Тожиев (44), Анвар Ғофуров (48), Дилшод Раҳматуллаев (58), Ислом Иномов (73), Артём Филипосян (82), Жавлон Иброҳимов (82), Хайрулла Каримов (90+1)