"Бавария" бош мураббийи Венсан Компани жамоанинг жорий мавсумдаги ажойиб натижалари ҳақида фикр билдирди.
Шанба куни мюнхенликлар ўз майдонида Дортмунднинг "Боруссия"сини мағлуб этиб (2:1), ғалабали сериясини давом эттирди. "Бавария" жорий мавсумдаги 11 ўйиннинг барчасида, жумладан, Бундеслиганинг 7 ўйинида рақибларидан устун келди.
"Мен бу ҳақда ўйламайман, умуман ўйламайман. Ўйинчиларга ҳам шундай дедим. Шунчаки шу руҳда давом этишимиз керак. Кейинги 11 ўйинда ғалаба қозонишни истайман. Бугунги ўйин ортда қолди - бўлажак ўйинда ўзимизни кўрсатишимиз керак," - дея Компанининг сўзларини келтиради Bayern & Germany.
22 октябрь, чоршанба куни "Бавария" ўз майдонида Чемпионлар лигаси доирасида Бельгиянинг "Брюгге" клубига қарши баҳс олиб боради.













