Студия. “Кейинги турда учрашгунча” кўрсатуви ёзилмоқда.
“Ассалому алайкум, ҳуматли футбол мухлислари! “Кейинги турда учрашгунча” кўрсатуви яна эфирда! Анъанамизга содиқ қолган ҳолда бугун студиямизга таниқли футбол мутахассислари, шарҳловчилари ва журналистларини таклиф қилганмиз. Келинг, аввал улар билан сизларни таништириб ўтсам.
Ўнг томонимда футбол шарҳловчиси Нодирбек Қодирбеков, у кишининг ёнларида эса журналист Қайсарбек Йўлбосаров ўтиришибди. Чап томонимда эса футбол эксперти Одилбек Ҳакамов ўтиришибди.
Қадрли футбол мухлислари, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоамизни муҳим ўйин кутиб турибди. Терма жамоамиз меҳмонда Осиёнинг амалдаги чемпиони Япония термасига қарши тўп суради. Табиийки, кўрсатувимизни шу ўйин ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билан бошлаймиз. Бу ҳақда аввал, Нодирбек ака, сиз нима дейсиз?
Нодирбек Қодирбеков кулиб олади.
— Албатта, тўғри таъкидлаб ўтдингиз, эртага терма жамоамизни жуда муҳим ўйин кутиб турибди. Япония, айтганингиздек, Осиёнинг амалдаги чемпиони, қолаверса энг кучли жамоаси. Терма жамоамизга бу ўйинда осон бўлмайди. Мураббий бу ўйинга таркибни эълон қилган, кеча шуни интернетдан ўқиб қолдим. Европанинг мана-ман деган клубларида ўйнайдиган ўйинчилар ҳозир Япония терма жамоасига чақирув олишган. Бу нима дегани? Аввало, бу Япония терма жамоасининг тарихдаги энг кучли терма жамоаси! Таркибга назар ташланг, Шинжи Кагава, Макото Хасебе... Албатта, бу юлдузли таркибга қарши ўйнашнинг ўзи бўлмайди...
— Нодирбек ака, — бошловчи гап бошлаб юборади. — Сизнингча, бу ўйин қандай ҳисоб билан тугайди?
— Бир нарса дейишим қийин... Бу футбол, тўп юмалоқ, майдон текис. Ўйлашимча, терма жамоамиз минимал ҳисобда ютқазади...
— Ҳисобни ҳам аниқроқ айтсангиз? — бошловчи яна савол беради.
— Менимча... 1:0 ёки 2:1, мезбонларнинг фойдасига!
— Раҳмат, Нодирбек ака, — бошловчи энди камерага юзланади. — Ҳурматли мухлислар, сиз Нодирбек Қодирбековнинг фикрларини эшитдингиз. Энди сўз навбатини Қайсарбек Йўлбосаровга берамиз. Қайсарбек, биз сизнинг ижтимоий тармоқлар, турли нашрлардаги таҳлилий мақолаларингизни кузатиб келамиз. Сизнинг футболга ўз қарашингиз бор. Сиз мазкур ўйин ҳақида нималар деган бўлардингиз?
— Ассалому алайкум, ҳурматли телетомошабинлар. Дарҳақиқат эртага терма жамоамизни жиддий синов кутиб турибди. Гарчи терма жамоамизда ўз гуруҳида биринчи ўринни олишга катта имконияти бўлсада, буни уддалаш осон эмас. Сабаби, рақибимиз Япония терма жамоаси. Япония терма жамоасида авлодлар аламашинуви муваффақиятли ўтди, энди улар кучли терма жамоани шакллантиришди. Эртанги ўйинда Абрамов шогирдларига, вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, дуранг ҳам катта натижа бўлган бўларди. Бунинг устига, асосий таркибнинг 6-7 ўйинчиси майдонга туша олмайди...
— Демак, сизнинг фикрингизча, эртага терма жамоамиз дуранг ҳисобини қайд этади? — яна савол беради бошловчи.
Аввалига Йўлбосаров дарров жавоб бера олмайди.
— Ҳар ҳолда, шундай натижа бўлишига умид қиламан, — дея қутулади у.
— Раҳмат, бу Қайсарбекнинг фикрлари эди, — гап тизгинини илиб кетади бошловчи. — Кўрсатувимизда таниқли футбол эксперти Одилбек Ҳакамов ҳам иштирок этмоқдалар. Одилбек ака, ўйин ҳақида нима дея оласиз?
Одилбек томоқ қириб олади.
— Ҳозир ҳаммасини айтиб ўтишди, Япония билан ўйин қандай бўлишини. Если вот посмотрим... узр, агар вазиятга реалний кўз билан қарайдиган бўлсак, шансы очень много у Японии… то есть, Япония ўз уйида болельщиклари қаршисида и плюс, такими игроками, то есть, Нодирбек ака айтиб ўтганларидек, Европада ўйнайдиган (табиийки, футбол эксперти Европада ўйнайдиган японларнинг номларини билмайди) футболчилари бор. Так что, нашим ребятам будет очень нелегко...
— Ваш прогноз на матч, Одилбек ака? — сўрайди бошловчи.
— Я думаю, японцы будут выиграть…
Кўрсатув давом этади. Фикрлар, мулоҳазалар қозони қайнайверади. Аммо ҳеч ким Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалаба қозониб қолиши ҳам мумкин, деган гапни айта олмайди...
Маҳалла чойхонаси, улфатлар йиғилишган.
— Эртага нима бўларкин, японни ютармикин? — улфатлардан бири сўрайди.
— Худо хоҳласа ютади! — иккинчиси қўлидаги қошиқни товоққа суяб қўяди. — Шунча ўйинда ютқизмай, энди шу ўйинда ютқазадими?
— Иккинчи состав деяпти... — учинчи улфат луқма ташлайди.
— Менга деса учинчи состав бўлмайдими! — тўртинчи улфат мунозарага қўшилади. — Ютиши керак ва шарт! Бўлди энди, япон экан, корейс экан, араб экан дейиш! Ютади, худо хоҳласа, гап тамом-вассалом! Анави куни Гейнрихжон телевизорда гапирди, эшитмадингми ҳамманг! Пусть они боятся от нас деди! Ашнақа! Энди улар қўрқсин, ўзбеклар келаяпти, деб! ЖЧ-2010да битта ўйинда кўрдим, инглизча ёзиб, стадионда кўтариб ўтиришган экан...
— има деб ёзибди?
— “Огоҳ бўлинг, Гана келаяпти!”, деб ёзвопти! Худо хоҳласа, энди буёғига “Огоҳ бўлинглар, сергак тортинглар, Ўзбекистон келаяпти-я!”, деб ёзамиз!
Суҳбатга қўшилмай, бир четда жимгина ўтирган йигит қўлларини дуога очиб юборди.
— Омийн, Аллоҳу акбар! — дея юзига қўлларини силади.
— Японни ютади, худо хоҳласа, камида 1:0 га ютади! Иккинчи состав билан ютади, нимага дейсизларми?
Ҳамма унга қизиқиш билан тикилиб қолди.
— Шуни ҳам билмайсизларми? Биринчидан, кўз тегмасин, иккинчидан... ҳа, японжонларнинг ҳам ҳурмати борда!
Орадан бир ҳафта ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси сафарда Япония терма жамоасини мағлубиятга учратади...
Бахтиёр Абдуғафур