16 ёшгача бўлган Ўзбекистон қизлар терма жамоаси кузда Осиё чемпионатининг финал босқичида иштирок этади. 26 сентябрь куни бошланадиган мусобақага Гулнора Аъзамова бошчилигидаги терма жамоамиз тайёргарлик кўрмоқда.
Иорданиянинг Ammonnews.net сайтининг хабар беришича, ушбу мамлакатнинг 16 ёшли қизлар терма жамоаси август ойида Туркияда Ўзбекистон қизлар терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
Ўзбекистонлик қизлар тарихда илк маротаба қитъа чемпионатида иштирок этишади. Қуръа натижасига кўра, Гулнора Аъзамова шогирдлари "С" гуруҳида Жанубий Корея, Таиланд терма жамоалари билан баҳс олиб борадилар. Шунингдек, қолган гуруҳлар қуйидагича ташкил топган:
"А" гуруҳи: Хитой, Австралия, Баҳрайн
"В" гуруҳи: КХДР, Хитой Тайпейи, Иордания
"С" гуруҳи: Жанубий Корея, Таиланд, Ўзбекистон
"D" гуруҳи: Япония, Эрон, Гуам
Хитойнинг Нанцзинг шаҳри мезбонлик қиладиган ушбу мусобақада фақат гуруҳ ғолиблари ярим финал йўлланмасини қўлга киритишади. Учта жамоа эса келаси йили Коста-Рикада ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.