Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ютдингми? Сен менинг дўстимсан!

Баҳо:
+-5 | -

Келаси йил Бразилияда ўтадиган Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш имконига эга бўлган Ўзбекистон терма жамоаси бу ишни уддалай олмайди. Буни кенг жамоатчилик миллий фожеадек қарши олди.

Аслини олганда, фавқулодда ҳеч нарса бўлгани йўқ. Шунчаки ҳар тўрт йилда бўладиган воқеалар такрорланди. Шу пайтгача терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқолмаганди. Яна чиқолмади. Бунинг айбдори ким?

Албатта, Миржалол Қосимов!

Лекин бир ўйлаб кўрайлик, хулоса чиқаришга шошмаяпмизми? Шу пайтгача терма жамоамиз охирги тур олдидан тўғридан-тўғри йўлланмага ҳеч қачон даъвогарлик қилмаганини унутиб қўймаяпмизми? Фақат ЖЧ-2002 саралашининг тўртинчи босқичида 10 очко тўплаганимиз ва шу натижа рекорд бўлиб келаётганини, Қосимов бошчилигидаги жамоа 14 очко тўплаганига кўз юмиб қўймаяпмизми?

Бугунги кунгача атиги бир марта плей-оффда қатнашганмиз. Ўшанда зўрға, бир амаллаб, Гейнрихнинг симулация қилиб ишлаган пенальтиси ёрдамида ғалаба қозониб ўтиш баҳсида иштирок этгандик. Лекин Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоа саралаш тугашига бир тур қолганида плей-офф масаласини ҳал қилиб қўйганию, тўғридан-тўғри йўланма учун росманасига курашгани бир тийинми? Йигитлар чиндан ҳам мундиалга яқин келгани, уларни Миржалол шу мақсад йўлида бирлаштирганини тан олмаймизми?

Миржалол Қосимов... Ҳақиқий афсона. Ҳозир ҳам жарима тўпини тепиш бўйича Роналду, Месси ва Неймарга дарс ўта олади. Ўзбек футболининг энг ёрқин юлдузи. Футболчилар орасида унга тенг келадигани йўқ. Мураббийлик соҳасида ҳам ҳозирча шундай. Кимдир саралашнинг 4-босқичида 14 очко тўплаб қўйсин, кейин Миржалолдан ўтади.

Қосимовнинг айби нима? Терма жамоани қийин пайтда қабул қилиб олганими? Шахсан мен Эронга Тошкентда ютқазганимиздан кейин Қосимовнинг Мираброр Усмоновга учрашиб "Абрамов ишлай олмаяпти, терма жамоани менга беринг", деганига ишонмайман. Миржалолни чақириб, терма жамоа бошқарувини топширишди. Қосимов шунақа одам. Ватан манфаати устун келган ҳолатда йўқ демайди. Деёлмайди! Бунга у футбол ўйнаб юрган пайтидаёқ гувоҳ бўлганмиз. Бу борада фактлар етарли. Қайсидир бирини келтириш шарт эмас.

Тасаввур қилинг, терма жамоамиз Қатар билан ўйиндан кейин Жаҳон чемпионатига чиққанида борми?

Аввало Асқар Толибжонов гап бошларди: "Терма жамоалар маркази футболчилар ва мураббийлар штабига имкон қадар шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилди. Бунинг натижаси ўлароқ футболчиларимиз жаҳон чемпионатига чиқишди".

Кейин Рустам Акрамов чиқарди: "Миржалол ўзимнинг шогирдим. Кучли футболчи эди, кучли мураббий ҳам бўла олди. Мен унга доим ишонардим. Бу ишни эплади".

Кейин Шуҳрат Мақсудов чиқарди: "Дастлаб Абрамовга, кейин Миржалол Қосимовга ёрдамчилик қилдим. Уларга таркиб ва тактика борасида қўлимдан келганича ёрдам бердим. Қайсидир маънода ҳиссам борлигидан бахтиёрман".

Кейин Сервер Жепаров гапирарди: "Мен терма жамоа манфаати учун Корея клубига ўтдим. Бу ишим самарасиз кетмади ва формамни тиклаб термамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритишида ҳиссам қўшилди".

Буларнинг ҳамаси шунчаки хаёл ва фаразлар. Ҳозир вазият қандай? Вазият шундайки, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқолмагани учун фақат Миржалол Қосимов айбдор. Ҳаммаси учун фақат у жавоб беряпти. Ливан билан сафардаги ўйинда бойкот эълон қилиб атайин ўйнамаган футболчилар айбдор эмас. Жонли деворни тўғри қўёлмаган Нестеровнинг хатоси йўқ. Сакраб тўпни ўтказиб юборган Гейнрихда ҳам гард йўқ... Кўпчилик Қосимовни Гейнрихни таркибга киритмаётганликда айблади. Улар балки ҳақдир. Бироқ энг муҳим паллада панд берган футболчидан мураббийнинг кўнгли қолиши бор гап-ку?!

Тошкентда Ливанга қарши ўйинимизда сўнг кўпчилик Миржалолни айблади. Эмишки, унинг шогирдлари кўп гол уролмган эмиш. Ғалати. Ростдан ғалати. Яъни бунда мураббийни айблаш. Масалан, Фарҳод Тожиев майдонга тушаётганда мураббий унга "сенда учта яхши имконият бўлади, аммо уларнинг ҳеч қайсисини голга айлантирма" демаган. Туш, гол ур деган. Тепди, лекин ўхшамади. Нима қилиш керак?!

Ливанни йирикроқ ҳисобда юта олардик. Бунга ўйин давомида амин бўлдик. Бу режа амалга ошмаганига асосий айбдор футболимиз раҳбарлари. Улар терма жамоамиз рақибни ютиб яхши натижа қайд қилишидан кўра ўйинни янги стадионда ўтказиб, уни бутун дунёшга кўз-кўз қилишни исташди. Уларга йирикрок ҳисобдаги ғалаба ва Жаҳон чемпионатига янада яқинлашиш эмас, чет элликлар томонидан айтиладиган "Вой, Ўзбекистонда зўр, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган стадион қурилибди", қабилидаги гаплар муҳим эди. Одам интилган нарсасига эришади. Интилдик, ҳамма стадионимизни мақтади. Лекин натижа-чи? Ҳа айтганча, натижа учун жавоб берадиган Миржалол Қосимов бор-ку?!

Қатар билан охирги турдаги ўйиндан кейин ҳам Миржалолни айблаганлар етарлича бўлди. Лекин биринчи таймда иккита вазиятда гол уролмаган Гейнрих — оппоқ. Жепаровга жуда қаттиқ пас берган ва дарвозамига гол киришига сабабчи бўлган Аҳмедовнинг сира ҳам айби йўқ. Ахир Қосимов турибди-ку, бошқаларни айблаб нима қиласизлар?! Матбуот анжуманида унга раҳмат айтган, қарсак чалган журналистларни аҳмоққа чиқаришди. Майли, вазифа уддаланмади. Лекин 5:1 ҳисобида ютган мураббийни табриклаб ҳам бўлмай қолдими?!

Мен "Пахтакор" ишқибозиман. Шунчаки эмас, ашаддий ишқибозман. Буни ҳеч қчон беркитмаганман. 2000 йилдан бошлаб клуб ўйинларига имкон қадар бориб тураман. Менга алам қилаётгани, аксарият пахтакорчилар АнтиҚосимов гуруҳининг етакчиси бўлиб олишган. Тан олиш керак, бу ерда кўролмаслик, камситиш, аламзадалик туйғуси устун. Худдики, Миржалол "Бунёдкор"да ҳеч қачон ишламаслиги, "Пахтакор"дан таклиф тушишини кутиб уйида ўтириши керак эди. Профессионал мураббий, қаердан таклиф тушса, ўша ерда ишлаши керак. "Пахтакор" ишқибозлари "Бунёдкор"ни ёмон кўрсин, қаршилик йўқ. Лекин Миржалол Қосимовни эмас. Чунки Миржалол Қосимов "Бунёдкор" рамзи эмас. Бу орада клубда Зико, Мемет ва Сколари кабилар ишлади. Яна бошқалари ҳам ишлаши мумкин. Футболда ҳар қандай ўтишларга тайёр туриш керак. Майли, Миржалолга бўлган нафратларини яшира олишмаса, буни фақат дербиларда намойиш этишсин. Терма жамоа ўйинларида эмас!

Мен бу гапларим билан Қосимов терма жамоа бошқарувида қолиши шарт, усиз кунимиз ўтмай қолади демоқчи эмасман, асло. Терма жамоага чет эллик мураббий керак дейишяпти. Бунга сира қаршилигимиз йўқ. Марҳамат, футболимизга нимадир бериши мумкин бўлган, футболчиларни янги марралар сари руҳлантира оладиган мутахассис бўлса келсин, ишласин, мундиалга олиб чиқсин. Агар шундай бўлса, бундан фақат хурсанд бўламиз.

Фикрларим чалкашиб кетди. Буни тан оламан. Ёзганларим мақола ҳам эмас. Ўзимнинг шахсий фикрларим, блогим учун ёзилган гаплар. Юқорида айтилганидек, чет элдан мураббий келса, келсин. Агар келмаса, Қосимовни ишига халақит бермайлик. Охиригача қўйиб берайлик. Негадир натижа бўлишига ишонгим келяпти. Ўша Иордания ва Уругвайдан ҳам ўта оламиз деб ўйлаяпман. Кулгингиз келяптими? Ҳа, индаманг, ўй ўзимники-ку?!

Энди сарлавҳа ҳақида икки оғиз. "Қашқирлар макони" сериалида бир гап бор — "мен ғолиб тарафдаман". Бизда шунақа бўлиб қолмасин. Ғолиб ҳам, мағлуб ҳам ўзимизники, бегона эмас. Қўллаб-қувватлайлик, ёрдам берайлик. Дуо қилайлик, зора улар ижобат бўлиб Бразилияга бориш насиб қилса, футболчиларимиз бошқа бойкот эълон қилишмаса, ўз дарвозамизга гол киритиб қўйишмаса... Зора...

Темур АЪЗАМ.

Манба: http://temurazam.blogspot.com/
Киритилди: 12:04, 17.07.2013.
Ўқилди: 12495 марта.
Фикрлар: 219 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.