Мадрид провинцияси суди Суперлига ташаббускорлари билан бўлган можарода УЕФА томонидан берилган апелляцияни рад этди. Бу ҳақда Мадриднинг «Реал» клуби матбуот хизмати хабар берди.
Клуб баёнотида таъкидланишича, суд қарори Европа судининг хулосаларини тасдиқлаб, УЕФАнинг Европа Иттифоқи рақобат тўғрисидаги қонунчилигини бузгани ва ўз ҳукмрон мавқеидан суиистеъмол қилганини яна бир бор кўрсатган.
«Реал»нинг қўшимча қилишича, 2025 йил давомида клуб ва УЕФА вакиллари ўртасида бошқарувда шаффофликни ошириш, молиявий барқарорликни таъминлаш, футболчилар соғлиғини муҳофаза қилиш ва мухлислар учун шароитларни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар бўйича музокаралар олиб борилган. Бироқ томонлар ўзаро келишувга эриша олмаган.
2025 йил 29 октябрда чиқарилган янги суд қарорига кўра, УЕФА, Ла Лига ва Испания Футбол Федерациясининг (RFEF) апелляцияси якуний равишда рад этилди. Энди Суперлига ташаббускорлари УЕФАдан етказилган зарар учун компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу маблағ бир неча миллион еврони ташкил этиши мумкин.
Ҳозирча Суперлига лойиҳасида фақат икки клуб — Мадриднинг «Реал»и ва «Барселона» қолган.













