Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Темирни қизиғида босиш керак (мухлис мақоласи)

Баҳо:
+ | -

Миржалол Қосимовнинг 18 июнь оқшомида айтган битта гапигина ўринли. Ҳа, ҳаёт давом этади. Яхшики, Туркияда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди. Яхшики, унда Аҳмаджон Мусаев раҳбарлигидаги вакилларимиз ҳам иштирок этишди. Яхшики, улар дили хуфтон ўзбекистонлик футбол мухлислари кўнглига бир ёруғ шуъла ташлашди. Акс ҳолда...

Таъкидлаш жоизки, Аҳмаджон Мусаев шогирдлари дастлабки учрашувда барча имкониятларини ишга солишмади. Бироқ йирик ҳисобда ғалаба қозонишни уддалашди. Турган гапки, майдоннинг текислиги, тўпнинг думалоқлиги рақибларга ёрдам бермади. Аслида думалоқ тўп нотекис майдонда ҳам дарвоза тўрини топиши мумкин. Буни «Бунёдкор» миллий чемпионатимиз ўйинлари доирасида бир неча бор исботлади. Фақат Гонконг терма жамоаси дарвозаси бундан мустасно. Сервер Жепаровнинг чала-ярим зарбаси тасодифан Ливан терма жамоаси дарвозасига бориб тушганида, майдоннинг текислиги, тўпнинг думалоқлиги ҳақидаги ҳатто болаларга ҳам аён ҳақиқатлар яна бир бор барчага уқтирилармиди?

Хайриятки, Конфедерациялар кубоги бор экан. Шу турнир майдоннинг текислиги, тўпнинг думалоқлиги борасидаги сафсаталарни бир четга суриб ташлади. Испаниялик футболчилар Гонконг андозасидаги Таити терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 10та гол уришди. Том маънодаги савия барибир, натижада юз кўрсатишига бразилиялик футболчилар ҳам 3та ўйинда кетма-кет ғалаба қозониб, яна бир бор барчани ишонтиришди. Осиёнинг биринчи жамоаси бўлмиш Япония эса ҳар 3 ўйинда мағлубиятга учраб, қитъа футболи савиясини ошкор қилиб қўйди. Шундай вазиятда миллий терма жамоамизни ЖЧ-2014 сари тўғридан-тўғри йўл олмаганидан ўкинишни ҳам, ўкинмасликни ҳам билмайсан ва беихтиёр хаёл уммонига ботасан киши.

Мен туғилиб-ўсган қишлоқ - Пешқўрғонда футболни ўзгача севишади. Бу хусусда аввал ҳам ёзганман. Яна ёзишга тўғри келмоқда. Нега? Бунинг сабаби оддий. Дам олиш кунлари қишлоқда футболсевар ўсмир йигитлар билан суҳбатлашдим ва футболимиз муаммолари билан боғлиқ бир жиҳатни қайта ҳис этгандек бўлдим. Ёш ҳамқишлоқларимнинг айтишларича, улар пойтахтимиздаги муҳим қурилиш объектларидан бирини бунёд этишда жонбозлик кўрсатишибди. Оқшом чоғи футбол ўйнаб, ҳордиқ чиқаришибди. Уларнинг ўйини қайсидир БЎСМ мураббийини қизиқтириб қўйибди ва шогирдларини қурувчи йигитлар билан баҳслаштирибди. Ўйинда ёш ҳаваскорлар ёш профессионалларни 6:0 ҳисобида енгишибди. Мураббий эса шогирдларига 8 йилдан буён футбол сирларини ўргатаётганини, чинакам истеъдодлар қишлоқлар бағрида беркиниб ётганинини очиқ-ойдин тан олибди.

Ўйлаймизки, юқоридаги фикрларни айрим мухлисларимиз нотўғри талқин қилишмайди. Зеро, шаҳар шароитида, хусусан, пойтахтда мураббийлар эътиборига тушиш осон эканлиги бор гап. Қишлоқларда эса шароит, муҳит ўзгача. Эътирофга сазовор жиҳат шуки, қишлоқларда ҳам замонавий стадионлар мавжуд ва уларда ёш истеъдодлар орзулар оғушида тўп суришади. Кўпинча уларни марказга олиб бориб, таниқли мураббийга тавсия қилувчи фидойилар топилавермайди. Бугун 1-лига жамоаси бўлмиш «Косонсой» таркибида тўп сураётган пешқўрғонлик Даврон Исоқов, Бобур Мамажонов футбол борасида махсус таълим олишмагани, яъни кўча футболида тарбияланишгани фикримизнинг далилидир. Бизнингча, мамлакатимиздаги ҳар бир қишлоқда камида 2-3 нафар истеъдодли ёш футболчи вояга етаётгани аниқ. Тўғриси, «Терма жамоалар маркази»даги селекция ишларидан нолиган Темур Олимхўжаев қайсидир маънода ҳақ. Чунки Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибида ҳозирча «ярқ» этган ноёб истеъдод кўзга ташланмаяпти. Ҳолбуки, биз миллий жамоамиз келажаги тўғрисида ҳозирдан қайғуришимиз шарт.

Ана, 21 ёшли футболчилар ўртасида Европа чемпиони бўлган Испания терма жамоаси таркибига эътибор беринг. Уларнинг аксариятини ҳозирданоқ жаҳон танийди. Бизда ҳам аслида ноёб истеъдодлар бор. Фақат уларни излаб топиш, кашф этиш ишлари кўнгилдагидек эмас. Гоҳо истеъдодларни турли баҳоналар билан кўкрагидан итарадиган нохолис мутахассислар ҳам орамизда топилади. Яширишнинг ҳожати йўқ - болалар, ўсмирлар ва ёшлар футболида унвон олиш учун мусобақалар чоғи тарафкашлик қилувчи, шогирдларининг ҳақиқий ёшини бузиб кўрсатувчи мураббийлар борки, айнан шундай кишиларнинг манфаатлари боис, баъзан ёш истеъдодлар катта футбол ҳавосидан баҳраманд бўлолмаяптилар. Натижада биринчи ва олий лига жамоалари ўртасидаги миллий чемпионатимиз савияси тобора тушиб бормоқда. Эътибор беринг: олий лига жамоалари ўртасида 2-ўринни эгаллаб турган «Локомотив» «Гулистон»ни сафарда 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. «Насаф» эса 13-ўриндаги «Динамо»ни ўз майдонида 3:2 ҳисобида базўр енгди. Хўш, мазкур солиштириш бизга нима учун зарур? Бу билан миллий чемпионатимиз Англия премьер-лигасидан ўрнак оляпти, демоқчимизми? Йўқ, албатта. Ўрнак олиш борасида ҳозирча гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ахир, айни пайт миллий чемпионатимизда савиялироқ футбол намойиш этадиган 2та жамоа - «Бунёдкор» ва «Локомотив» қолди, холос. Жаҳон футболи ютуқларидан баҳраманд мухлислар бу икки жамоа ўйинидан ҳам қониқишмаяпти. «Пахтакор» ва «Насаф» эса етакчиларга нисбатан ўртамиёналарга яқинроқ туришибди. Водий футболининг фахри бўлган «Нефтчи» ниҳоят том маънодаги аутсайдерга айланди. Зарур чоралар кўрилмаса, бу кетишда «Навбаҳор» ҳам унга қўшни тутинади. Ўзбекистон футболи тараққий этган марказларидан бири шу тариқа инқирозга юз тутмоқда.

Маълумки, Англия футболи равнақини Лондон, Манчестер, Ливерпуль каби донгдор футбол ҳудудлари ўртасидаги ижобий рақобат белгилаб беради. Аввалроқ бизда пойтахт ва водий футболи, кейинроқ пойтахт ва воҳа ўртасида кескин рақобат кузатилди. Мухлислар пойтахтда, водийда, воҳада ўзига хос футбол марказлари шаклланаётганидан хурсанд эдилар. Чунки бундай рақобат терма жамоаларимиз учун катта фойда келтириши аниқ эди. Афсуски, эндигина шаклланиб келаётган рақобатга кўз тегди. Бугун воҳа футболи инқироздан қутулиш учун чора изламоқда. У ўзи учун қимматли бўлган чорани топадими? Бунга унинг кучи етадими ёки «Нефтчи» ёки «Андижон» каби чорасизлик гирдобига тушиб қолади? Билмадик.

Буларнинг барчаси мутасаддиларнинг оқилона саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Назаримизда, Фарҳод Тожиев нима сабабдан «Гулистон» дарвозасига бир ўйинда 3та гол уришни уддалаши, халқаро учрашувларда эса терма жамоамиз ҳужумчилари бу ишни яхши эплолмасликларини жиддий ўйлаб кўрадиган пайт келди. Тан олайликки, терма жамоамиз ва етакчи клубларимизнинг ҳужумчилари миллий чемпионатимизда жиддий рақобатнинг йўқлиги боис енгил-елпи гол уришга ўрганиб қолишмоқда. Бу «касаллик»нинг иситмаси эса халқаро ўйинларда ошкор бўлмоқда. Халқимизнинг «Ҳар бир иш иссиғида бўлгани яхши» деган ажойиб нақли бор. Шундай экан, футболимиздаги муаммоларни иссиғида бартараф этайлик.

Ҳожиакбар Нурбаев
Наманган

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 12:55, 18.07.2013.
Ўқилди: 8253 марта.
Фикрлар: 55 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.