Бугун Москвада дзюдо бўйича катта дублға халқаро мусобақаси бошланди. Биринчи кун аёллар 4, эркаклар эса 3 вазн тоифасида баҳсларда иштирок этишди. Ўзбекистонлик дзюдочилар бугун 2та бронза медалини қўлга киритишди.
Мирзоҳид Фармонов 66 кг вазн тоифасида ярим финалгача мағлубият нималигини билмади. У аввалига арманистонлик Армен Назарянни ҳакамларнинг қарорига кўра мағлубиятга учратди. Кейинчалик буюк британиялик Натон Бурнс ва россиялик Камол Хан-Магомедовни "иппон" билан мағлуб этди. Фақатгина ярим финалда юртдошимиз бразилиялик Чарлз Чибанага ютқазди. Фармоновда 3та "юко" баҳоси бўлишига қарамай, бразилиялик дзюдочи битта "вазари" эвазига финал йўлланмасини қўлга киритди. Бронза медали учун баҳсда Мирзоҳид тожикистонлик Расул Абдушариповни "иппон" билан енгди.
73 кг.да иштирок этган Наврўз Жўрақобилов ҳам дастлабки 2та баҳсни кетма-кет ғалаба билан бошлади. Россиялик Батрадз Кайтмасов (вазари), қозоғистонлик Ертуган Торенов иппон) мағлуб этилди. Чорак финалда эса Наврўз мўғулистонлик дзюдочига "вазари" баҳоси билан ютқазди. Шундан сўнг Жўрақобилов ўтиш баҳсида Рустам Оружов (Озарбойжон) ва 3-ўрин учун жангда Энрико Парлати (Италия) устидан зафар қучиб, бронза медалини қўлга киритди.
66 кило вазнда иштирок этган Улуғбек Норқобилов эса дастлабки жангда голландиялик спортчини енгиб, нимчорак финалда буюк британиялик дзюдочига ютқазди.
Эртага эркаклар ўртасидаги мусобақанинг 4та вазн тоифасида баҳслар бўлиб ўтади.