Мадриднинг “Реал” клуби футболчиси Родриго Гоэс фаолиятини Англия Премьер Лигасида давом эттириши мумкин. Fichajes нашри хабарига кўра, бразилиялик вингерга “Тоттенҳэм” жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Унга кўра, лондонликлар Родригони қишки трансфер ойнаси вақтида жамоага олиб келишни истамоқда. Бунинг учун инглиз клуби “Реал”га 85 миллион евро тўлашга тайёр эканлигини билдирган. Футболчининг ўзи ҳам етарли ўйин амалиёти йўқлигидан ҳамда 2026-йилги Жаҳон чемпионатига юқори спорт формасида бориш учун бошқа жамоага ўтишга тайёр.
Ҳозирча “Реал” раҳбарияти Родриго бўйича бир қарорга келмаган. Аммо яхши таклиф тушса, музокара бошлаши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Шунингдек, Арда Гюлер ҳамда Франко Мастантуононинг яхши ўйин кўрсатаётгани фонида бразилиялик вингерга чиқиш эшиклари кўрсатилиши мумкин.
Родригога нафақат “Тоттенҳэм”, балки “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” ҳам қизиқиш билдирмоқда. Агар музокаралар муваффақиятли ўтса, бразилиялик вингер қишки трансфер ойнасида АПЛ клубларидан бирига ўтиши тахмин қилинмоқда.
Маълумот учун, Родриго жорий мавсум “Реал Мадрид” сафида жами 13 та учрашувда майдонга тушиб, иккита голли узатма муаллифига айланган. Унинг клуб билан шартномаси 2028-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали ҳужумчининг қийматини 80 миллион еврога баҳоламоқда.













