Кириш Регистрация
29/09 00:00 Осасуна 4-2 Барселона
29/09 15:30 Торино 2-3 Лацио
29/09 17:00 Сельта 1-1 Жирона
29/09 17:30 Бразилия 3-1 Марокаш
29/09 18:00 Рома 2-1 Венеция
29/09 18:00 Комо 3-2 Верона
29/09 18:00 Ипсвич 2-2 Астон Вилла
29/09 19:15 Атлетик Бильбао 1-1 Севилья
29/09 20:00 Украина 9-4 Венесуэла
29/09 20:30 Ман. Юнайтед 0-3 Тоттенхэм
29/09 21:00 Эмполи 0-0 Фиорентина
29/09 21:30 Бетис 1-0 Эспаньол
29/09 23:45 Наполи 2-0 Монца
30/09 00:00 Атлетико 1-1 Реал Мадрид
30/09 17:30 Франция - Парагвай
30/09 20:00 Қозоғистон - Аргентина
30/09 23:45 Парма - Кальяри
01/10 00:00 Вильярреал - Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут - Саутгемптон

Бахтиёр ИХТИЁРОВ: «Энг ёмони – кичик муваффақиятни ҳам мақташ»

Баҳо:
+ | -

Терма жамоа мавзуси ҳеч қачон кун мавзусидан тушмайди. Барча терма ҳақида куйиб-пишиб гапиради. Чунки ҳамма — ўзбекман деган ҳамма терма жамони яхши кўради. У ҳақда қйтилган гаплар эскирмайди. «Эрудит-Спорт» газетасида фаолият олиб борувчи дўстим Улуғбек Раҳмонқулов таниқли санъаткор Бахтиёр Ихтиёровдан анча олдин олган интервьюсини эслатиб қолди. Қарангки, ундаги фикрлар асло эскирмаган. Бу суҳбатни сизга ҳам улашгим келди, қадрдон. Бир ўқиб кўринга.

Бахтиёр ИХТИЁРОВ: «ЭНГ ЁМОНИ – КИЧИК МУВАФФАҚИЯТНИ ҲАМ МАҚТАШ»

Сўнгги вақтларда футбол ишқибозлари орасида Миллий терма жамоамизнинг ўйинлари муҳокама қилинмоқда. Мухлислар турли фикрларни билдиришмоқда, мақсад эса ягона – Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатида иштирок этиши! Тўртинчи саралаш босқичининг иккинчи тур учрашуви ортда қолганида футболнинг ҳақиқий ишқибози – Бахтиёр Ихтиёров билан суҳбатда бўлгандим. Бахтиёр ака куюнчаклик билан терма жамоамиз ҳақидиа сўзлагандилар. Куни кеча ушбу суҳбатни қайта ўқиб чиқарканман, терма жамоамиздаги камчилик ва муаммолар ўзгармаганлиги-ю, мундиал “чиптаси”дан “қуруқ” қолишимизнинг асл сабаблари ойдинлашгандек бўлди. Азиз, муштарий суҳбатдаги фикрларга диққат билан эътибор беришингизни сўрардим.

— Бахтиёр ака, кўпчилик муштарийлар футболнинг ашаддий ишқибози эканлигингизни яхши билишади. Келинг, бугун терма жамоамиз атрофида суҳбатлашсак, қарши эмасмисиз? Мана, ЖЧ-2014 саралаш баҳслари бошланиб, икки тур ортда қолган бўлса, бизнинг жамоа бор-йўғи 1 очко тўплай олди, холос. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? (Суҳбат Ливан-Ўзбекистон (1:1) учрашувидан сўнг олинган.)
— Ҳар бир мураббийнинг тактикаси бўлиб, ушбу тактикага қўйилган футболчилар топшириқларни бажаришни билиши лозим. Эронга қарши учрашувда мағлубиятга учрадик, бу билан рақибни писанд қилмадик, дейишдан йироқман. Ҳужумчи рақиб майдонига бораётганида яримҳимоячилар, керак вақти ҳимоячилар ҳам ҳаракатда бўлсин. Бу бир-бирига боғлиқ ҳаракатлар натижаси. Бежизга Германияни “немис машинаси”, деб аташмайди. Майдонда машинадек юриш, ҳаракатланиш керак. Бизда ана шу механизм ишламай қолди. Бир сўз билан айтганда, жамоада гол урадиган бир-икки футболчи эмас, балки бутун жамоа гол ура олсин. Энг қийин нарса – жамоани жисмоний тайёрлаш ва энг ёмони кичик муваффақиятни ҳам мақташ. Ҳар бир нарсанинг минимуми ва максимуми бўлади. Ҳозиргача термамиз максимум натижага етказгани йўқ, афсуски. Ўша куни Гейнрихни ёмон ўйнади, деб айтишди. Бечора бир ўзи қандай ўйнайди? Жамоада етакчи ўйинчи топилмаяпти-ку.
Дўстим, кечувда отлар алмаштирилмайди. Ҳозир термамиз нокдаунда! Иккинчи ўйиндаги дуррангдан сўнг яна бир нокдаунга учрадик. Бундай вазиятда мураббийни алмаштириш шарт эмасди. Қолаверса, Миржалол Қосимов ҳам буни бир бора ўйлаб кўриш керак эди. Мана, клубларимизда жаҳонга машҳур мураббийлар келиб ишлади, аммо ҳеч нарса ўзгармади. Демак, ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак экан. Балки Абрамов бир термада фаолият юритганида муваффақиятга эришган бўлардик. Чунки, мен бир вақтнинг ўзида иккита велосипедни ҳайдай олмайман. Энг асосийси – бизнинг футболчиларда спринтча чопиш йўқ. Вақтида “Пахтакор”даги барча футболчилар билан дўст эдим. Машғулотларни кузатардим, барча икир-чикирларни кўрганман. Европа жамоалари бир ҳафтада учта учрашувда майдонга тушади. Бизда эса битта матч. Иккита ўйин ўйнашса, чарчаб қолишганини айтишади. Мана, бизнинг футболчиларимиз қандай аҳволда? Бундай ҳолатдан муваффақият кутиб бўлмайди!

— Икки ўйинни кузатган инсон сифатида айтингчи, ҳозирда қайси футболчилар терма жамоа савиясида ўйнай олмаяпти?
— (Ўйланиб) Улуғбек, агар икки ўйинда қайси футболчи хато қилган бўлса ҳам, улар ёмон ўйин кўрсатди, деб айтолмайман. Чунки, хато тактикадан ўтди. Илгарилари бошқача футбол яъни, битта ҳужумчи билан ўйнашнинг имкони бор эди. Агар рақибимиз 2 метрга сакраса, биз 2.1 м.га сакрай олишимиз керак. Ўйинчиларимиз ёмон эмас. Барчаси тактикага боғлиқ. Тактика қиладиган мураббий эса барчасидан холи бўлиб, ҳаётини шу ишга бағишлайди. Футбол – ёзилмаган спектакль, олинмаган фильм. Қаерда нима бўлишини билиб бўлмайди. Шунинг учун ҳамма нарсага тайёр туриш лозим.

— Сизнингча қандай тактикада ўйнаганимиз маъқул?
- Мана, Жасур Ҳасановни ўйинини олайлик. У қанотдан тўпни жарима майдончасига етказиб бермоқда. Бурчаккача боргач, биздан рақиблар майдонида 3-4 футболчи келиши керак-ку. Бутун кучини сарф қилиб, олдинга чиқди. Энди тўпни орқага қайтара олмайди. Тактика масаласига келсак, ҳар қандай яримҳимоячи ҳам ҳужумчи ҳисобланади. Ҳужумчи гол уролмадими, демак, яримҳимоячилар вазиятни қўлига олсин. Муҳими – футболчиларнинг тактикага тайёрлаш. Ютқазган ўйиларимизда тактикани умуман кўрмадик, балки бўлиб, майдонда ўйинчилар бажара олишмагандир. Баъзида бунинг укаси ўйнаяпти, палончининг қариндоши экан, деган гапларни эшитиб қоламан. Йўқ, ҳеч ҳамда! Бизда бундай нарсалар йўқ, имоним комил бунга.

— Айтинг-чи, 2014 йилги жаҳон чемпионати, 2016 йилги Осиё Кубоги баҳсларида совринли ўринларни кўзламаган ҳолда ёш футболчиларни 2018 йилги мундиалга тайёрласак мақсадга мувофиқ бўладими?
— Жамоага мураббий тайинлаб, ундан бир йил ичида натижа кутиш нотўғри. Мутахассисга камида уч йил имкон берилса, ўзи истаган жамоа тузиб олади. Ҳозирдан бошлаб келажак футболини ўйлаш керак. Ёш футболчилардан юзтасини йиғиб, уларни мураббий саралаб олса, кейин жамоавий ўйинни шакллантира олади. Бир ҳикоя айтиб берай: “Қадимда бир подшоҳ уйланибди. Боғда рафиқаси билан ўтиришганида осмондан ғозлар галаси учиб кетаётган экан. Хизматкорига ўқ-ёйни келтиришини буюрибди. Умр йўлдошидан “Қайси бирини урай?”, деб сўрабди. “Учинчисини уринг”. “Қаердан урай?”, деганида, ҳалиги қиз “Юрагидан”, деб жавоб қайтарибди. Нишонга мўлжаллаб отибди, хизматкорлар қушни олиб келишибди. Ҳақиқатда ўқ юракка тегган экан. Подшоҳ “Қалай?”, дебти, хотини эса “Машқда” дея жавоб қайтарибди. Шунда уни ҳайдаб юборибди. Хотини шаҳардан ташқаригша чиқса, бир уйнинг олдида қаровсиз боғга рўпару келибди. Эшикни тақиллатибди, бир чол чиқибди. Подшоҳнинг рафиқаси чолдан “Сизга ёрдамчи керак эмасми?”, деб сўраган экан, чол қизга боғни топширибди. Орадан анча вақт ўтиб, боғ аввалги ҳолатига келиб, гўзаллашиб кетибди, даромад кела бошлабди. Бир куни чолдан тойчоқ сотиб олиб келтиришини сўрабди. Подшоҳнинг умр йўлдоши уни ҳар куни кўтариб, болахонага олиб чиқар ва олиб тушиб қўяркан. Орадан йиллар ўтибди. Подшоҳ овга чиққанида шаҳарнинг ичида чиройли боғ пайдо бўлганини гувоҳи бўлибди. Шу ерда тўхтаб, ўтирганида бир паранжидаги инсон отни кўтариб, тепага чиқиб кетибди. Чолдан бу паҳлавон кимлигини сўрашганда, паҳлавон эмас, балки аёл киши эканлигини айтибди. Подшоҳ ҳайратланиб, “Унда, чақиринг!”, деса, якунда хотини бўлиб чиқибди. “Буни қандай эпладинг”, деб сўраган экан, “Машқда!”, деган жавобни эшитибди”.
Клубдаги машғулотлар, тайёргарликлар бўлар, аммо спортчи индивидуал тарзда ҳам шуғулланиши керак. Буни кимдандир сўраб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ўзи вақт ажратиб, тайёргарлик кўрсин. Эсимиздан чиқмасин – рақибимиз ҳам тайёргарлик кўрмоқда. Ўйинчилар ўйинга 120 дақиқа тайёр бўлишлари даркор. Ана ўшанда 90-дақиқадан сўнг гол ўтказиб юбормаймиз. Яна жамоа мағлубиятга учраса, мухлислар танқид қилишади, қайсидир футболчини термадан кетказиш ҳаракатига тушиб қолишади. Нега? Ундан кўра, имконият яратиб берайлик...


Улуғбек Раҳмонқулов суҳбатлашди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 00:20, 26.07.2013.
Ўқилди: 6751 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.