Давралар оралиғидаги танаффусга Ўзбекистон кубогининг ярим финал дастлабки ўйинлари якун ясаб беради. Финал йўлидаги курашларда мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган ва 1-даврадан сўнг турнир жадвалида етакчилик қилаётган тўрт жамоа ўз омадини синаб кўради. Қувонарлиси, улар сафида Тошкентнинг «Локомотив» клуби ҳам бор. Темирйўлчилар финал йўлланмаси учун ўз ҳамшаҳарлари «Бунёдкор» билан куч синашади.
Ушбу жамоалар миллий чемпионат доирасида шу кунга қадар 11 марта тўқнаш келишган. Ва бу қарама-қаршиликда сезиларли устунлик қалдирғочлар томонида. Улар 7 ўйинда ғалаба қозонишган, икки маротаба томонлар муроса кўчасини танлаган ва яна шунча ўйинда «Локомотив»нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 21-11, табиийки қалдирғочлар фойдасига. Аммо, Ўзбекистон кубоги баҳсларида ушбу жамоалар атиги бир марта тўқнаш келишган. Бу воқеа олис 2006 йилда кузатилган. Ўшанда темирйўлчилар эндигина катта футболга шахдам қадамлар ила кириб келаётган «Қурувчи» жамоасини мамлакат кубоги баҳсларининг 1/16 финал босқичида 3-1 мағлуб этишган. Шундан сўнг бу икки жамоанинг йўллари Ўзбекистон кубоги баҳсларида кесишмади. Ниҳоят, жорий йилги мусобақа ярим финалида бунга барҳам бериладиган бўлди.
Жамоаларнинг сўнгги учта ўйинига эътибор қаратсак, унда аста-секин мамлакатимизнинг гранд клубларидан бирига айланиб бораётган «Локомотив» қисман ташаббусга эга бўлиб турганини кўришимиз мумкин. Темирйўлчилар ана шу учта ўйиннинг иккитасида дурангга эришган бўлсалар, 2012 йили ўз майдонида кечган баҳсда «Бунёдкор»ни 3-1 ҳисобида доғда қолдиришганди. Бир сўз билан айтганда, Қосимов шогирдлари «Локо»ни икки йилдан бери «Жар» стадионида мағлуб этишолмаяпти. Умид қиламизки, жамоамиз учун хайрли кечаётган бу анъана 31 июль оқшомида ҳам давом этади. Олға, «Локомотив»!!!
Ўзбекистон кубоги-2006. 1/16 финал
«Қурувчи» – «Локомотив» – 1:3
Голлар: Ш.Абдумуратов – Саидаъло Акбаров (пен), М.Идиатулин, А.Ҳайдаров (пен).