Айни пайтда юртимизда бўлиб турган ОФК комиссияси режага кўра олий лигада иштирок этаётган “Бунёдкор”, “Нефтчи”, “Сўғдиёна”, “Гулистон”, “Динамо”, “Шўртан” жамоалари билан биргаликда Наманганда меҳмон бўлиши кўзда тутилганди. Меҳмонлар "Навбаҳор"да олиб борилаётган ишлар ҳамда яқин кунлар ичида қайтадан фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган реконструкция қилинаётган ўйингоҳдаги ишларни ўз кўзлари билан кўришни мақсад қилишганди.
Эрта тонгда клуб вакиллари ОФКдан келган меҳмонларни Андижон аэропортида кутиб олишди. Шундан сўнг Наманган сари йўл олинди. Бенжамин Тан бошчилигидаги ОФК мутахассислари дастлаб “Навбаҳор” ўйингоҳида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишишди. Меҳмонлар ўйингоҳдаги ишларни кузатиб, ижобий таассуротга эга бўлганликларини маълум қилишди. Улар ўйингоҳ фойдаланишга топширилгач, мамлакатдаги жаҳон андозаларига жавоб берадиган стадионлар сони яна биттага ошишини билдиришди.
Ўйингоҳда олиб борилган ишлар кўздан кечирилгач, меҳмонлар клуб офисида “Навбаҳор” клубида фаолият юритаётган ходимлар билан учрашув ўтказишди. Бенжамин Тан бош ҳисобчи, ҳуқуқшунос ва клубнинг лицензиялаштириш ишлари бўйича мутахассиси билан алоҳида суҳбат уюштириб, клубнинг бугунги кундаги ҳолатидан хабар топди. Шу билан биргаликда керакли маслаҳатларни бериб, клуб вакилларининг келгуси ишларида омад тилади. Шундан сўнг ОФК мутахассислари “Нефтчи” клубидаги ишларни ўрганиш мақсадида Фарғонага йўл олишди.