«Нефтчи» - «Шўртан» учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Нефтчи” маслаҳатчи мураббийи Амет Мемет иштирок этди.
- “Ўйин анча оғир кечди. Бугун “Нефтчи” мухлисларни хурсанд этишни мақсад қилгандик. Бунинг уддасидан чиқдик деган умиддаман. Ғалаба қозониш ҳамиша ёқимли.
Аксига олиб гол уришимиз қийин бўлди. Иккинчи даврада жамоамиз сафини кучайтира олдик, деб ўйлайман. Хабарингиз бор, иккинчи даврага тайёргарликни Тошкентда олиб боргандик. Лекин ҳали ҳам қиладиган ишларимиз кўп эканлиги ойдинлашди. Демак, меҳнат қилишни давом эттирамиз.
Мазкур учрашувда етакчи ўйинчилардан бири Бахтиёр Ёқубов иштирок эта олмади. Унинг жароҳати бор. Шунингдек, бир икки турдан кейин Ғулом Ўрунов ҳам сафга қайтади. Кези келганда, шуни айтишим жоизки, Ўруновнинг трансферини сотиб олишимиз осон кечгани йўқ. Олдинда муҳим ўйинлар кўп ва уларда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, деди Амет Абдуллаевич.