2026 йил ҳисобидан биз учун аҳамиятли биринчи халқаро турнир якунига етди ҳисоб. Афсуски, Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар термаси Саудия Арабистонидан эртароқ қайтди чорак финалдаги аламли мағлубият туфайли. Хўш, олдинда бизни яна қандай халқаро турнирлар кутмоқда?
Футзал бўйича Осиё кубоги. Старт – 27 январь
Индонезияда ташкиллаштириладиган футзал бўйича Осиё чемпионати стартига оз қолди – 27 январдан 7 февралгача қитъанинг 16та кучли жамоаси қитъа футзал тожи учун кураш олиб боради. Жумладан, Нодир Элибоев бошқарувидаги Ўзбекистон футзал термаси «C» квартетидан жой олган.
1-тур. 28 январь. Ўзбекистон – Тожикистон
2-тур. 30 январь. Австралия – Ўзбекистон
3-тур. 1 февраль. Япония – Ўзбекистон
Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги. Старт – 1 март
1-21 март кунлари аёллар футболи ихлосмандлари ўз нигоҳларини Австралия томон буришади. Бу сафарги қитъа чемпионатида узоқ танаффусдан кейин Ўзбекистон аёллар термаси ҳам иштирок этади. Умуман, кубок учун 12та жамоа курашга киришади. Котрине Кулбите бошқарувидаги жамоамиз рақиблари орасида жаҳонда ўз ўрнига эга КХДР термаси бор.
1-тур. 3 март. КХДР – Ўзбекистон
2-тур. 6 март. Ўзбекистон – Хитой
3-тур. 9 март. Бангладеш – Ўзбекистон
Аёллар ўртасидаги ОЧЛ-2025/2026
15 январь куни ташланган қуръага кўра, «Севинч» аёллар ЧЛ чорак финалида «Мельбурн Сити» (Австралия) меҳмони бўлади 22 ёки 23 март куни. Агар қаршиликлар Австралия клуби тўсиғидан ўтишса, 20-23 май кунларига белгиланган тўртлик финал раундига ўитишади.
U-20 тоифасида аёллар ўртасидаги Осиё кубоги. Старт – 1 апрель
1-18 апрель кунларига белгиланган ва Таиландда бўладиган мусобақанинг 12та иштирокчиси қаторида Ўзбекистон U-20 термаси ҳам бор.
1-тур. 2 апрель. Ж.Корея – Ўзбекистон
2-тур. 5 апрель. Ўзбекистон – КХДР
3-тур. 8 апрель. Ўзбекистон – Иордания
U-17 тоифасидаги Осиё чемпионати. Старт – 7 май
7-24 май кунлари Саудия Арабистони яна бир бора U-17 тоифасидаги Осиё кубогини қабул қилади. 16та жамоа иштирок этадиган мусобақанинг финал раундига 12 февраль куни қуръа ташланади. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси амалдаги чемпион сифатида биринчи саватчадан жой олган.
ЖЧ-2026. Старт – 11 июнь
Йилнинг энг катта ва бутун Ўзбекистон кутаётган мусобақаси. Бу сафар АҚШ, Мексика ва Канадада 48та жамоа тўпланади. Жумладан, мундиал дебютанти «K» гуруҳида Колумбия ва Португалия термалари каби жиддий рақибларга қарши ўйнайди. Умуман, жаҳон футбол форуми 19 июлгача давом этади.
1-тур. 18 июнь. Ўзбекистон – Колумбия
2-тур. 23 июнь. Португалия – Ўзбекистон
3-тур. 28 июнь. «Плей-офф» ғолиби – Ўзбекистон
Элит ОЧЛ-2026/2027 ва ОЧЛ-2-2026/2027. Старт – сентябрь
Кузнинг биринчи ойи ўрталари (14-17 сентябрь)да Элит ОЧЛ ва ОЧЛ-2 турнирларининг навбатдаги мавсуми йўлга чиқади. Ушбу икки турнирда футболимиз шарафини тегишллича амалдаги чемпион – «Нефтчи» ва кубок эгаси «Пахтакор» ҳимоя қилади.
2026 йил футбол тақвимида яна бизга дахлдор FIFA Series турнири, Осиё ўйинлари, U-17 тоифасидаги ЖЧ (жамоамизнинг кичик мундиалга чиқишига ишонамиз, албатта) каби мусобақалар бор. Қолаверса, 11 апрель куни Ўзбекистон миллий жаммоаси иштирок этадиган ОК-2027 финал раундига қуръа ташланади. Қитъа чемпионатининг ўзи эса 2027 йилнинг 7 январь – 6 февраль кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.













