Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби ярим ҳимоячиси Каземиро жорий мавсум якунида, амалдаги шартномаси муддати тугагач, жамоани тарк этади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Биз Каземирога жамоага қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирамиз ва у фаолиятини клубда юқори савияда якунлашига умид қиламиз”, дейилади расмий баёнотда.
Бразилиялик футболчи 2022 йилда Мадриднинг “Реал” клубидан “Манчестер Юнайтед” сафига келиб қўшилган эди. Жорий мавсумда у жамоа сафида 18 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилган.
33 ёшли футболчи “қизил иблислар” сафида жами 146 та ўйинда иштирок этиб, 21 та гол ва 13 та ассист қайд этган. У 2023 йилда Англия Лига кубоги, 2024 йилда эса Англия кубоги ғолибига айланган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Каземиронинг ҳозирги бозор қиймати 8 миллион еврони ташкил этади.
Маълумот учун, “Манчестер Юнайтед” клуби 2026 йил 5 январь куни бош мураббий Рубен Аморим билан хайрлашганини эълон қилган эди. Португалиялик мутахассис жамоани 2024 йил 11 ноябрда қабул қилиб олган. Манкунианликлар Аморим қўл остида 63 та учрашув ўтказиб, 25 та ғалаба, 15 та дуранг ва 23 та мағлубият қайд этган.
Шундан сўнг жамоани вақтинча собиқ футболчи Даррен Флетчер бошқарган. Унинг қониқарсиз натижаларидан сўнг, бош мураббийлик лавозимига яна бир собиқ футболчи — Майкл Керрик тайинланган бўлиб, у мавсум охиригача жамоани бошқаради.
“Манчестер Юнайтед” АПЛ жорий мавсумида 22 та турдан сўнг 35 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.













