"Сурхон" матбуот-котиби Эвдоким Раимов Сербиянинг Eurasia.Football сайтига "Балтика"га қарши бўлиб ўтган учрашув ҳақида ҳамда Суперлига бўйича қисқа интервью берди.
«Балтика"га қарши ўйин биз учун стратегик нуқтайи назардан жуда муҳим эди. Жамоамиз бироз янгиланди, бироқ ҳануз Суперлигадаги энг ёш таркибга эга. Шу сабабли РПЛда медаллар учун курашаётган бундай кучли спарринг-ҳамкор билан ўйнаш жуда муҳим эди.
Таъкидлаш жоизки, об-ҳаво ҳам бизга, ҳам рақибга ҳужумкор футбол кўрсатиш имконини берди. Туркиядаги йиғинларда кўплаб ўзбек клублари узоқ давом этган ёмғирлардан шикоят қилишди, натижада биз ҳам бир неча машғулотни тренажёр залига кўчиришга мажбур бўлдик. Аммо умуман олганда, ўйин якунларига кўра биз учун зарур бўлган барча маълумотни олдик. Албатта, бундай кучли рақибни мағлуб этиш ёқимли. Айниқса, Абдуллажонов ва Шербўтаевнинг жарима зарбаларидан урган голлари жуда чиройли чиқди. Бироқ бошқа томондан, бу спарринг учрашуви эканини ҳам унутмаслик керак. Бу ерда асосий жиҳат — янги футболчилар ҳамда ўйин амалиёти етишмаётган футболчиларга ўзини майдонда кўрсатиш имконияти бўлди.
Барча ижобий ва салбий жиҳатларни инобатга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, сўнгги икки-уч мавсумда Ўзбекистон чемпионатида рақобат кескин кучайди. Турнир жадвалининг барча қисмида кураш охиригача давом этмоқда. Фарғонанинг «Нефтчи», Тошкентнинг «Пахтакор», Қаршининг «Насаф»и ва яна қатор клублар трансферлар борасида маълум даражада “қуролланиш пойгаси”га қўшилди ва эндиликда деярли ҳар бир жамоа таркибида малакали футболчилар мавжуд. Самарқанднинг «Динамо»си, ОКМК, «Навбаҳор»га қаранг — умуман олганда, барча жамоалар чемпионат етакчиларидан очко тортиб олиши мумкин. Шу жиҳатдан Суперлига ниҳоятда қизиқарли ва рақобатбардош бўлиб қолди».













