Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конгрессида Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти лавозимига, шунингдек биринчи вице-президент Равшан Эрматов ва вице-президент Одил Аҳмедов ўз лавозимларига қайта сайланди.
Конгрессда ЎФА президенти сўзга чиқиб, футболни коррупциядан бутунлай ҳоли қилиш ва рақамлаштиришнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
“Агар футболда коррупция бўлмаса, эртага давлатимиз байроғини баланд кўтарадиган, халқаро майдонда ўзбек ғурури ва миллатини намойиш қиладиган спортчиларни етиштирамиз”, деди Баҳодир Қурбонов.
ЎФА президентининг айтишича, давлат раҳбарининг 2025 йилда футбол соҳасини рақамлаштиришга қаратилган қарори қабул қилинган бўлиб, унда футболчиларнинг машғулот жараёни, жисмоний ва функсионал кўрсаткичларини онлайн мониторинг қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
“Натижада илк бор футбол соҳасида шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини кескин қисқартириш мақсадида футболимиз тўлиқ рақамлаштирилди. Мен буни бежиз таъкидлаётганим йўқ. Президент эътибори, рақамлаштириш ва коррупцияни йўқ қилиш қандай ютуқларга олиб келишини футбол орқали кўрсатишимиз керак”, деди у.
Баҳодир Қурбоновнинг сўзларига кўра, ўтган йилларда футбол соҳаси рақамлаштирилмагани сабабли футболчилар ҳақида ягона миллий маълумотлар базаси мавжуд бўлмаган, бу эса клубларнинг трансфер механизмлари орқали машғулотлар учун компенсация олишини чеклаб келган. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида инсон омилини минималлаштирувчи ва шаффоф селексияни таъминловчи миллий электрон футбол платформаси ишга туширилган.
“Эндиликда футбол мактабига келган ҳар бир бола ва мураббий электрон рўйхатга олинади. Футболчиларнинг профессионал ўсиш кўрсаткичлари тизимга киритилиб, доимий мониторинг қилинади. Платформада рўйхатдан ўтган футболчи учун клубга FIFA трансфер тўловлари орқали даромад олиш имконияти яратилади”, деди ЎФА президенти.
Иқтидорли футболчиларни аниқлаш учун малакали таҳлилчилар жалб этилган ҳолда Ситуатион марказ ташкил этилган. Ушбу марказ орқали мамлакатдаги барча футбол сексияларидаги машғулотлар онлайн назорат ва таҳлил қилинади.
Шу билан бирга, ЎФА раҳбари футболни ривожлантириш фақатгина ассоциация зиммасидаги вазифа эмаслигини таъкидлади.
“Бу йўлда ҳар бир мутахассис, илмли инсон ва ҳатто мухлисларнинг ҳам ёрдами зарур”, деди у.
Платформа орқали футбол мухлислари учун ҳам очиқлик таъминланади. Эндиликда улар ҳакамларнинг қарорлари, сариқ ва қизил карточкалар, пенальтилар ҳамда ҳакамларнинг югуриш масофалари бўйича маълумотлар билан очиқ танишиш имкони яратилади.
Ҳакамлик тизимини ривожлантириш борасида эса янги авлод ҳакамларини тайёрлаш режалаштирилган. Улар FIFA ва ОФК элит ҳакамлар академияларида таҳсил олади, ҳакамлик фаолиятига замонавий талаблар жорий этилади.
Аёллар футболи ҳам алоҳида эътиборда бўлади. ЎФА президенти Аёллар футбол академиясини ташкил этиш бўйича Президентга таклиф киритилишини ва бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилишини маълум қилди.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик кучайтирилади. Футбол методикаси бўйича ОАВ вакиллари учун қўшимча дарслар ва семинарлар ташкил этилади, очиқ мулоқот йўлга қўйилади.
Футбол академияларига қабул қилинмаган болалар учун қайта тайёрлов тизими яратилади. Эндиликда футболчиларни саралашда илмий ёндашув асосий мезонлардан бири бўлади.
Бундан ташқари, 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада изчил ишлар олиб борилади. ЎФА Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабига барча зарур шароитларни яратиб беришини маълум қилди.
Футболни рақамлаштириш тизими янада такомиллаштирилиб, миллий платформа FIFA Connect тизими билан интеграция қилинади. Ёш футболчиларнинг тиббий ва жисмоний кўрсаткичларини мониторинг қилишда сунъий интеллект асосидаги синов лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, легионер футболчиларнинг ўйинлари ҳар бир учрашувдан сўнг платформага киритиб борилади.
ЎФА президенти нутқининг энг муҳим қисмида селексия жараёнидаги адолатсизликка кескин эътибор қаратди:
“Футбол мактабини тамомлаб, 14 ёшдан футбол мактабига келган футболчини имтиҳон орқали қабул қилаётганда, биз кимни оляпмиз, баҳо адолатлими ёки қариндош-уруғчиликка йўл қўйяпмизми — мана шу саволларга жавоб беришимиз керак. Агар бу билан курашмасак, эртага жаҳон футболида юлдуз бўлиши мумкин бўлган иқтидорларни йўқотамиз”, деди у.
Якунда у Ўзбекистон футболи юксалиши учун ЎФА, клублар, академиялар, ОАВ ва мухлислар бирлашган ҳолда ҳаракат қилиши зарурлигини яна бир бор таъкидланди.













