Кеча “Бунёдкор” ва “Пахтакор” ёшлари куч синашишди ва унда ёш “қалдирғочлар” 3:1 ҳисобида ғалаба қозондилар.
Учрашувни Александр Мочинов жуда фаол бошладилар ва деярли ярим соат мобайнида тўлиқ ташаббусга эга бўлдилар. “Пахтакор” аъзолари ўз жарима майдончалари ичида тўлиқ қамал қилиниб, уларнинг дарвозаси олида кетма-кет ҳужумлар ташкил этилгач меҳмонлар ҳаракатларида пала-партишлик сезила бошлади. 16-дақиқада Санжар Рихсибоевга нисбатан қўполлик ишлатилди ва бош ҳакам Вадим Агишев “Пахтакор” дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Достонбек Ҳамдамовнинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтди. Лекин ҳисобни очиш барибир бунёдкорчиларга насиб этди. Марко Блажич икки ҳимоячини ёш болаларча алдаб ўтиб, ўткир бурчак остидан Асилбек Омоновнинг олис бурчагини аниқ нишонга олди – 1:0. Ушбу ҳисоб билан жамоалар танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим бошларида ёш “шерлар” ҳаракатларида бироз фаоллик сезилди. Энди Нўъмон Ҳасанов шогирдлари ҳам бир неча хавфли вазиятлар ярата бошлашди. Бироқ Камронбей Кападзе ва Жавлон Мирабдуллаев каби ҳимоячилар рақиб ҳужумчиларига имкон беришмади. 56-дақиқада энди “Бунёдкор” дарвозасига пенальти белгиланди: Абдул Азиз Юсуповнинг зарбасидан сўнг ҳисоб тенглашди – 1:1. Учрашув шу тарзда якунланиб бораётган паллада Александр Мочинов томонидан захирадан майдонга туширилган футболчилар катта саҳнага чиқишди. Даставвал Аҳрор Умаржонов 18 метрлардан “Пахтакор” дарвозасини аниқ нишонга олди. Орадан тўрт дақиқа ўтиб, Эргаш Исмоилов чап оёғида Асилбек Омонов дарвозасига учинчи тўпни киритди. Якуний натижа 3:1.
Шу тариқа, “Бунёдкор” ёшларининг жамғарган очколари сони 40тага етди. Энди ёшларимиз иккинчи ва учинчи поғоналарда бораётган “Локомотив” ва “Пахтакор” ёшларини 9 очколик фарқ билан ортда қолдиришмоқда.
Таъкидлаш жоизки, "Бунёдкор" ёшларининг очколар фарқи билан бу қадар илгарилаб кетишида асосий рақиблари билан бўлган ўзаро ўйинлар муҳим аҳамият касб этди. Александр Мочинов шогирдлари ўз майдонида "Пахтакор" ва "Локомотив"ни бир хил - 3:1 ҳисобларида, меҳмонда эса 4:1 ("Пахтакор") ва 1:0 ("Локомотив") клубларини енгишди.
Ёшлар лигаси, 15-тур
“БУНЁДКОР” – “ПАХТАКОР” 3:1 (1:0)
Голлар: Марко Блажич 39 (1:0), Абдул Азиз Юсупов 53 пенальти (1:1), Аҳрор Умаржонов 82 (2:1), Эргаш Исмоилов 86 (3:1)
Амалга оширилмаган пенальти: Достон Ҳамдамов 16 (дарвоза тўсини)
“Бунёдкор”: 25.Муроджон Зухуров, 3.Ҳасан Асқаров, 5.Жавлон Мирабдуллаев (с) (15.Шерзод Мусаев 89), 6.Сардор Собирхўжаев (9.Аҳрор Умаржонов 60), 7.Марко Блажич (10.Анвар Бердиев 46), 8.Хуршид Ғиёсов, 11.Санжар Рихсибоев (13.Эргаш Исмоилов 76), 14.Артём Филипосян, 18.Камронбей Кападзе, 19.Забихилло Ўринбоев (4.Саидолим Толипов 80), 21.Достонбек Ҳамдамов (10.Темур Аюпов 56)
Захира: 44.Дилшод Ҳамроев
“Пахтакор”: 42.Асилбек Омонов (с), 3.Иброхим Абдуллаев, 7.Абдул Азиз Юсупов, 14.Жасурбек Ҳакимов (19.Анвар Ражабов 80), 15.Темур Ҳакимов, 16.Фарҳод Мираҳмадов (18.Диан Талхатов 18; 29.Темур Толипов 70), 20.Мухсинжон Убайдуллаев, 23.Исломбек Каримов (17.Достон Ибрагимо 90+1), 25.Абдуллоҳ Олимов, 27.Жалолиддин Саидов, 28.Жамшид Болтабоев
Захира: 21.Абдурасул Комилов, 4.Алишер Мирзаев, 13.Абдуқодир Ортиқов
Бош ҳакам: Вадим Агишев (Тошкент)
Учрашув назоратчиси: Рашид Айтеков (Тошкент)