Кеча “Андижон” навбатдаги ўртоқлик учрашуви доирасида Қозоғистоннинг “Шахтёр” клубига қарши майдонга тушди. Лекин мазкур баҳс якунига етмасдан, аниқроғи 54-дақиқада тўхтатилди.
Ўйинни литвалик ҳакамлар бригадаси бошқарди. Афсуски, ушбу реферилар баҳс бошиданоқ ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборишди. Рақиб томонидан қилинган қўполликларга ҳакам ҳеч қандай реакция билдирмагани натижасида қўполликлар яна давом этаверди. Бунинг оқибатида Имеда Ашортиа, Драган Черан, Абдураҳмон Комилов мажбурий ўзгаришларга сабаб бўлди. 54-дақиқада эса Абдулвоҳид Ғуломовга ҳам яққол ва жиддий қўполлик ишлатилди ва шундан кейин ҳакам ўйинни тўхтатди ва аввало ўзлари майдондан чиқиб кетишди.
Савия жиҳатидан жуда салбий таассурот қолдирган ҳакамларнинг қўполликлар яққол қип-қизил карточкага лойиқ бўлса-да, жим тургани албатта жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Шунда ҳам андижонликлар ўйинни давом эттирди. Бироқ иккинчи бўлимда рақибнинг яна бир кескин қўполлигини ҳакам қизил карточка билан жазолаш ўрнига учрашувни тўхтатишга қарор қилди.
Баҳс давомида икки марта тез ёрдам машинаси ишга тушди ва "Андижон" футболчиларини шифохонага олиб боришига тўғри келди. Шундай экан, рақибнинг хаддан ортиқ қўпол муносабатда бўлиши ҳамда ҳакамнинг савиясизлиги фонида бундай учрашувнинг тўхтатилгани қайтанга яхши бўлди.
“Шахтёр” (Қозоғистон) - “Андижон” - 0:0...
2 феврал. Анталия. “Сусеси спорт маркази” стадиони.
Ҳакамлар: Орестас Абрамавичус, Эймантас Рудавичус, Симас Каушас (барчаси - Литвадан).
“Шахтёр”: Игор Шацких, Марк Богачов, Шахсултан Зубайдилда, Тимур Рудаселски, Хасен Артур Уулу, Владислав Прокопенко, Аруп Саутов, Ален Айманов, Аслан Аҳмедов, Диас Калибаев, Рафаел Оспанов.
“Андижон”: Раҳимжон Давронов, Неманя Чаласан, Ислом Тўхтахўжаев, Одил Абдумажидов, Абдураҳмон Комилов, Александр Андроникашвили, Жамшид Болтабоев, Драган Черан, Дониёр Абдуманнопов, Имеда Ашортиа, Мартин Боаке.
Захирадан майдонга тушганлар: Усмонали Исмоналиев, Хумоюнмирзо Иминов, Абдулвоҳид Ғуломов, Бекзод Сулаймонов, Кристиан Новак, Муҳаммадкарим Тоиров, Дамир Темиров, Пўлатхўжа Холдорхонов.













