Миланнинг «Интер» клуби устози Кристиан Киву жамоасининг «Торино»га қарши ўтказилган сўнгги ўйини натижаси ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Италия Кубоги чорак финали доирасидаги ушбу учрашув «нерадзурри»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
«Мен ўйиндан, бундай баҳсда биз учун жуда зарур бўлган энергиядан ва ярата олган вазиятларимиздан мамнунман. Албатта, ҳисоб 2:1 кўринишига келганда, рақибда «иккинчи нафас» очилади ва улар ушбу импульсни илиб кетишга ҳаракат қилишади, бироқ улар бизга жиддий муаммо туғдиришмади», — дея Кивунинг сўзларини келтиради Sport Mediaset.
Италия чемпионатининг 23 туридан сўнг миланликлар 55 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб туришибди.
Якшанба куни «Интер» сафарда «Сассуоло»га қарши майдонга тушади.













